Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар хорижий давлатлар оммавий ахборот воситаларида катта қизиқиш уйғотмоқда.
Хусусан, Покистоннинг етакчи оммавий ахборот воситалари («Daily Spokesmen», «Diplomatic News Agency», «Pakistan Economic Net»), Туркия ва Таиланд ахборот-таҳлилий манбалари Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти эксперти Аброр Юсуповнинг мақоласини чоп этди. Материалда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг туб моҳияти, жамият ва давлат муносабатларидаги ўзгаришлар, уларнинг фуқаролар ҳаётига ижобий таъсири таҳлили келтирилган.
Таъкидланишича, Ўзбекистондаги ўзгаришлар, авваламбор, жамият ва давлат ўртасидаги муносабатларнинг янги модели шаклланишидан далолат бермоқда. Ушбу модель жамият ва давлат ўртасидаги ишончли ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик орқали аҳоли фаровонлигини таъминлашга, ҳар бир инсоннинг мамлакат тақдирига даҳлдорлик ҳиссини оширишга қаратилган.
Бу, ўз навбатида, мамлакатни янада ривожлантириш йўлида жамият ва давлат институтларининг улкан салоҳияти ва ресурсларини бирлаштириш ва сафарбар қилиш учун мустаҳкам асос яратади. Давлат жамият билан ўзаро стратегик алоқаларни ўрнатишни тараққиётниг муҳим омили деб билади.
Мақолада эксперт томонидан Ўзбекистоннинг ижтимоий ва сиёсий ҳаётида амалга оширилган ўзгаришлар таҳлил қилинган. Хусусан, сўз эркинлигини таъминлаш ва танқидий фикрлашни шакллантириш, фан ва таълим соҳасида янги тизим - «кучли таълим занжири»ни яратиш ва ёшларга катта эътибор беришдаги муҳим ўзгаришлар акс эттирилган.