1955 йилда ташкил этилган немис нашриёти «OWC Verlag für Außenwirtschaft» 2019 йилнинг 7 майида худди шу сарлавҳа остида мақола чоп этди. Ушбу мақолада Ўзбекистон иқтисодиётига хорижий инвестицияларни жалб этиш ҳолати таҳлил қилинади.
Қуйида мақоланинг немис тилидан ўзбек тилига таржима қилинган асосий қисмлари ҳавола этилмоқда.
Расмий маълумотларга кўра, 2019 йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистонга тўғридан тўғри жалб қилинган хорижий инвестициялар ҳажми қарийб 1,2 миллиард АҚШ долларини ташкил этди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан тахминан 90 фоиз кўпдир.
Айниқса, Ўзбекистон жануби-шарқида жойлашган Қашқадарё вилоятида инвестициялар ҳажмининг кескин ўсиши қайд этилди. Синтетик ёқилғи ишлаб чиқариш заводининг қурилишига, шунингдек нефт ва газ конларини қазиш бўйича ишларига 500 миллион АҚШ доллари жалб қилинди. «Хорижий компаниялар Ўзбекистон иқтисодиётининг турли соҳаларига сармоя киритишда тобора кўпроқ қизиқиш билдирмоқда», - деб таъкидлайди Ўзбекистон инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг ўринбосари Шуҳрат Вафаев ўз расмий баёнотида.
Хорижий инвестициялар асосан туризм, қишлоқ хўжалиги, қурилиш ва нефт-газ соҳаларига тўғридан тўғри кириб келмоқда. Инвесторлар асосан Россия, Туркия, Хитой, Қозоғистон ва Жанубий Корея давлатларидандир.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йилнинг 14 декабридаги қасамёд маросими Ўзбекистон иқтисодиётининг ҳар томонлама очилиши ва либераллаштирилишининг бошланиши бўлди. Яқин йилларда иқтисодиётнинг ўртача 5,5 фоизга ўсиши кутилмоқда. Жаҳон банкининг «Бизнес юритиш қулайлиги» деб номланган ҳисоботига кўра, мамлакатимиз - ислоҳотларга энг кўп мойил бўлган ўнта мамлакатлар биридир.