Ҳозирги глобал пандемия даврида ҳукуматимиз томонидан кўплаб соҳалар қатори хизмат кўрсатиш ва ички туризм соҳаларини ривожлантириш тизимида ҳам қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Мамлакат иқтисодиёти барқарорлигини сақлаб қолиш мақсадида амалга оширилаётган бу ташаббуслар ўз навбатида халқаро экспертлар томонидан эътироф этилиб, хорижий ахборот воситаларида кенг ёритилмоқда.
Хусусан, яқинда Покистоннинг “Islamabad Daily Post” нашрида "Хизмат кўрсатиш соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида 100 миллион доллардан ортиқ кредит маблағлари йўналтирилди" мавзусида мақола эълон қилинди.
Мақолада жорий йилнинг 16 июнь куни мамлакатмиз раҳбари бошчилигида хизмат кўрсатиш ва ички туризм соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилиш тафсилотлари баён этилган.
Хусусан, "Ўзбекистонда хизмат кўрсатиш соҳаси аҳоли бандлигини таъминлашда энг катта захиралардан бири ҳисобланади. Мамлакатда унинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 35 фоизни ташкил этади. Халқаро меҳнат ташкилоти таҳлилларига кўра, сервис индустриясининг 1 фоизга ўсиши камбағаллар сонини 1,5 фоизга қисқартиради. Йиғилиш доирасида мутасадди вакилларга ҳудудлар кесимида хизматлар дастурини ишлаб чиқариш, тармоқни тартибга солиш, ундаги методология ва статистика маълумотларини халқаро стандартларга мослаштириш вазифалари топширилди. Президент Шавкат Мирзиёев хизмат кўрсатиш лойиҳалари учун Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан 100 миллион доллар ёки 1 триллион сўмдан зиёд кредит ресурслари ажратиш тўғрисида қарор қабул қилди" дейилади мақолада.
Россиянинг "Красная весна" ахборот агентлигининг мавзу юзасидан тарқатган хабарида эса видеоселектор йиғилишида банклар томонидан тадбиркорларга белгиланган миқдорда кредитлар ажратиш, хусусан кредитларни маълум қисмини аёллар ва ёш тадбиркорлар фаолиятини қўллаб-қувватлашга йўналтириш вазифалари белгиланганлиги айтилган. Шунингдек, мамлакатимиз иқтисодиётидаги "Ҳар бир оила тадбиркор" дастури имкониятлари алоҳида эътироф этилган.
Шунингдек, “SNG Today” тармоқ нашрида "Ўзбекистонда ички туризмнинг янги йўналишлари очилади" сарлавҳаси билан берилган мақолада Ўзбекистонда хизмат кўрсатиш ва ички туризм соҳаларини ривожлантириш доирасидаги лойиҳаларни амалга оширилиши натижасида 200 мингдан ортиқ янги иш ўрнини яратилиши, умумий овқатланиш, транспорт, чакана савдо тармоқларида аҳоли бандлигини таъминланиши мамлакатда ички туризмни қайта тикланишида аҳамиятли эканлиги қайд этилган.
Пандемия даврида хизмат кўрсатиш ва ички туризмни ривожлантириш тизимида мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар шунингдек, "Зерно онлайн", “Yandex.ru”, “CA News” ва бошқа қатор ахборот тармоқларида ёритилган.