Туркияда «Yeni Ozbekistan» («Янги Ўзбекистон») журналининг навбатдаги сони нашр этилди
Журналда чоп этилган аксарият материалларда Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида олиб борилаётган туб ислоҳотлар Туркия ижтимоий-сиёсий жамаотчилиги диққат эътиборида турганлиги қайд этилган.
Муаллифлар Ўзбекистон халқи самарали ислоҳотларни амалга ошириш ва халқаро ҳамкорликни кучайтириш орқали республикани янги поғонага олиб чиқишга интилаётган етакчисига ишонишини таъкидлаган.
Туркиянинг «AnkaSAM» таҳлилий маркази директори, профессор Меҳмет Эролнинг таъкидлашича, ушбу нашр Ўзбекистонни модернизация қилишнинг туб жараёнлари, республика ва унинг минтақалари иқтисодиёти, сайёҳлик, фан ва технологиялар соҳаларидаги ўсиб бораётган салоҳияти ҳақида батафсил маълумот беради.
Ушбу сонда қатор мақолалар Ўзбекистоннинг иқтисодий салоҳияти ва жозибадор сармоявий муҳитига бағишланган. Хусусан, кенг кўламли ислоҳотларни амалга ошириш, маҳаллийлаштириш дастури, маҳсулот ишлаб чиқариш ва транспорт инфратузилмасини такомиллаштириш натижалари батафсил баён этилган.
Журналнинг алоҳида қисмида Ўзбекистон тарихи ва маданияти, буюк аждодларимизнинг ислом цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссаси ҳақида материаллар эълон қилинган. Унда Имом Бухорий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Маҳмуд Қошғарий, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий ва Абу Мансур Мотуридий каби таниқли олим ва мутафаккирларнинг фаолияти тўғрисидаги маълумотлар муштарийлар эътиборига ҳавола этилган.
Журнал ўқувчилари, шунингдек, ўзбек халқининг урф-одатлари, миллий ҳунармандчилик анъаналари ва ўзбек миллий таомларининг ўзига хос хусусиятлари билан танишиши мумкин.
Бундан ташқари «Хива – 2020 йилда туркий дунё маданий пойтахти» ва «Бухоро – 2020 йилда ислом маданияти пойтахти» мавзуига бағишланган мақолалар ҳам турк ўқувчиларини беэътибор қолдирмайди.
Журналда мамлакатимизнинг турли минтақаларига фотосуратлар орқали экскурсия қилиш имконияти тақдим этилган. Жумладан, Тошкент, Самарқанд, Шаҳрисабз, Бухоро, Хива ва Термиз шаҳарларидаги тарихий, меъморий ёдгорликлар тўғрисида фотоочерклар ўқувчини мамлакатимизга сафар қилишга ундайди.
Ушбу мавзудаги мақолаларда Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарлари Шарқнинг ранг-баранглиги, миллий руҳи ва бетакрор гўзаллигини ўзида мужассам этган Буюк ипак йўлининг дурдоналари эканлиги эътироф этилган.