Жаҳон ОАВда Ўзбекистон энг хавфсиз мамлакатлар қаторига киритилгани кенг ёритилди

Бутунжаҳон қонун ва тартиб индексига кўра, Ўзбекистон дунёда хавфсизлик даражаси бўйича етакчи тўққиз мамлакат сафидан ўрин олди.

Нуфузли "Gallupʼs America" жамоатчилик фикрини ўрганиш институти томонидан ўтказилган таҳлилларга кўра, хавфсизлик бўйича биринчи тўққизликда Ўзбекистондан ташқари Сингапур, Туркманистон, Хитой, Исландия, Қувайт, Норвегия, Австрия ва Швеция давлатлари ҳам бор.

Ўзбекистонни ушбу рейтингда муносиб ўрин эгаллаши сўнгги йилларда мамлакатимизда қонун устуворлиги ва инсон манфаатларини таъминлаш тизимида амалга оширилаётган амалий ишларнинг натижаси деб баҳоланди.

Мамлакатимизнинг халқаро имижини яхшиланиши ва дунё рейтингида бир поғона бўлсада кўтарилиши маҳаллий оммавий ахборот воситалари қатори хорижий ахборот воситаларида ҳам кенг ёритилди.

Хусусан, "Рейтинг турли мамлакатлар аҳолисининг мамлакат ҳуқуқ-тартибот идоралари фаолиятига нисбатан ишончи, кечки маҳал шаҳар кўчаларида юриш хавфсизлиги, яқин кунларда жиноят ва тартиббузарликка гувоҳ бўлганлик ҳақидаги саволларга берилган жавоблари асосида шакллантирилган. Ушбу рейтинг кўрсатгичларида Ўзбекистон 10 талик давлатлар қаторига киритилди" дейилади "Total KZ" ахборот агентлиги сайтида мавзу юзасидан берилган хабарда.

"Ўзбекистон ва Туркманистон дунёдаги энг хавфсиз давлатлардан бирига айланди. Буни "Gallup" халқаро тадқиқотлар институти маълумотлари тасдиқлади", дейилади "Regnum" хабарида.

"AKI Press" ахборот агентлиги сайтида "Ўзбекистон энг хавфсиз мамлакатлар қаторида" мавзусида берилган хабарда эса "Тартиб ва қонун устуворлиги кўрсатгичлари мамлакат аҳолисининг маҳаллий полиция ходимларига бўлган ишончи, хавфсизлик ҳиссини туйиш даражасини белгилайди. "Gallup" бу йилги рейтинг натижаларида Ўзбекистонни қонун ва тартиб устувор бўлган хавфсиз мамлакатлар 10 талиги қаторига киритди" дейилади.

Мавзуга оид мақола ва хабарлар, шунингдек, "Trend az" , "CA News", "РИА Новости", "TRT", "24KG", "UNO" каби қатор хорижий ахборот манбаларида кенг ёритилди.

Манба