Афғонистон бўйича халқаро конференция бошланди

Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган “Афғонистон: хавфсизлик ва иқтисодий тараққиёт” мавзусида юқори даражадаги халқаро конференция бошланди.

Йиғилишда Европа, Америка қитъалари, Яқин ва Ўрта Шарқ, Осиё-Тинч океани минтақалари, Марказий ва Жанубий Осиё давлатларининг Афғонистон бўйича махсус вакиллари, халқаро ва минтақавий ташкилотлар раҳбарлари ва мутахассислари, етакчи таҳлилий марказлар ҳамда Афғонистон Муваққат ҳукумати делегацияси иштирок этмоқда.

Кун тартибидан Афғонистоннинг барқарор тинчлик ва хавфсизликка эришишини таъминлашга қаратилган қатор муҳим масалалар кўриб чиқилади.

Ушбу давлатда гуманитар инқирознинг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш, урушдан кейинги миллий иқтисодиётни тиклашга кўмаклашиш, кўп миллатли афғон халқи ва бутун дунё манфаати йўлида ушбу мамлакатни минтақавий ҳамкорлик жараёнига жалб этиш асосий мақсад этиб белгиланган.

Анжуманни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Владимир Норов очиб берди. Шундан сўнг давлатимиз раҳбарининг конференция иштирокчиларига мурожаатини Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташқи сиёсат бўйича махсус вакили, Президент ҳузуридаги Хавфсизлик Кенгаши котиби ўринбосари Абдулазиз Комилов ўқиб эшиттирди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш ҳам халқаро анжуман қатнашчиларига видеомурожаат йўллади. Айни пайт Афғонистон муваққат ҳукумати ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Амирхон Муттақий нутқ сўзлаяпти.

Манба