Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 23 июль куни аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини янгича ташкил қилиш чора-тадбирлари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Маълумки, Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришгандаёқ бир фикрни таъкидлаганди: халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак.
Бу элпарвар тамойил давлатимиз сиёсатининг устувор йўналиши этиб белгиланди. Кўп ўтмай, 2016 йил 28 декабрда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш бўйича Президент фармони қабул қилинди. Ушбу фармонга мувофиқ ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари ва виртуал қабулхонаси фуқаролар билан мутасадди идораларни боғловчи тизимга айланди.
Жойларда барча даражадаги раҳбарлар билан жонли мулоқотлар ва сайёр қабуллар йўлга қўйилгани одамларда муаммоларини ҳал қилиш мумкинлигига катта умид ва ишонч уйғотди. Давлат идоралари қуйи тизимга тушиб, аҳоли эҳтиёжлари ва талаблари асосида ишлашни бошлади.
Халқ қабулхоналари орқали ва сайёр қабулларда кўтарилган долзарб муаммолар таҳлили кўплаб ислоҳотларга ҳам сабаб бўлди. Масалан, 4 йил олдин валюта айрибошлаш, прописка, пенсия ва нафақаларни нақд пулда олиш масалалари бўйича ҳар ойда ўртача 100 мингта мурожаат тушган. Бу соҳаларда қулайлик яратилиб, муаммолар тизимли ҳал этилгани туфайли уларга оид мурожаатлар бутунлай тўхтаган.
Ёки Ўзбекистон фуқаролигини олиш тартибларининг енгиллаштирилгани шарофатидан 100 мингга яқин оила рўшнолик кўрган.
Суд-тергов идораларига адолат ва очиқлик кириб бораётгани натижасида одамларнинг йиллаб ҳал бўлмаган 250 мингта шикояти ижобий якун топган.
Йиғилишда аҳоли мурожаатлари билан ишлашнинг бугунги ҳолати вазирлик ва ҳудудлар кесимида муҳокама қилинди.
Давлатимиз раҳбари одамларни мурожаат қилишга мажбур этаётган муаммоларни маҳалланинг ўзида бартараф қилиш кераклигини таъкидлади.
Бунинг учун вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари бир ҳафтада икки кунни фуқароларни қабул қилишга ажратиши, шунингдек, ҳокимликларда кунлик қабул йўлга қўйилиши белгиланди.
– Ҳар бир ҳокимнинг кабинети “халқ қабулхонаси” бўлади. Мурожаатларни кўриб, нималарга эътибор қилиш бўйича ҳар бир раҳбарнинг стратегияси бўлиши керак, – деди Президент.
Аҳоли тўғридан-тўғри туну кун мурожаат қилиши учун ҳокимларнинг виртуал қабулхонаси ва ижтимоий тармоқларда алоҳида саҳифаларини ташкил этиш вазифаси қўйилди.
Жорий йилнинг 6 ойида Халқ қабулхоналарига бандлик ва тадбиркорлик масалалари бўйича келиб тушган 100 мингта мурожаатни тўлиқ ҳокимлик кучи билан ҳал қилиш мумкинлиги кўрсатиб ўтилди.
Мисол учун, Пастдарғом туманида ташкил этилган Маҳаллабай ишлаш маркази 117 та маҳаллада хатлов ўтказиб, 4 минг нафар ишсиз фуқароларни аниқлаган. Касб ва тадбиркорликка ўқитиш, бизнес лойиҳаларини тайёрлаш, кредит ва субсидия олишга кўмаклашиш орқали уларнинг 3 мингдан ортиғи банд қилинган.
Бундай ташаббусларни бошқа ҳудудларда ҳам жорий қилиш муҳимлиги таъкидланди.
Энг кўп мурожаатлар электр энергияси ва газ таъминоти, бандлик, уй-жой, ер, тиббий хизмат ва халқ таълими масалалари бўйича бўлаётгани қайд этилиб, уларни ҳал қилиш чоралари кўриб чиқилди.
Мисол учун, тиббиёт соҳасидаги мурожаатларнинг қарийб ярмини ташкил этаётган ордер тартиби ўрнига очиқ ва шаффоф тизим йўлга қўйилса, камида 10 мингта шикоят камайиши айтиб ўтилди.
Энди мурожаатларнинг барчаси ягона электрон базада жамланиб, Халқ қабулхоналари ҳар чоракда давлат органларининг очиқ рейтингини шакллантириши белгиланди. Барча вазирлик ва идоралар, ҳокимликларда мурожаатларни рўйхатга олиш, уларни кўриб чиқиш ва натижасини назорат қилиш бўйича Ягона онлайн платформа яратилади. У орқали мониторинг юритилиб, ҳар ойда Сенатга ва Ҳукуматга таҳлилий маълумот киритилади ҳамда танқидий муҳокама қилиб борилади.
Шунингдек, аҳоли мурожаатларида кўтарилаётган масалаларни ҳал этиш бўйича вазирлик, идора ва ҳудуд раҳбарларининг ҳисоботини Сенатда ҳар чоракда, маҳаллий ҳокимликлар ҳисоботини эса маҳаллий Кенгашларда ҳар ойда эшитиб бориш амалиёти йўлга қўйилади.
Йиғилишда мутасаддилар аҳоли мурожаатлари бўйича янгича тизимда ишлаш юзасидан ўз фикр ва режаларини баён этди.