Оқолтинликларга ҳам моддий ёрдам берилди

 

Президент Шавкат Мирзиёев сув тошқинидан талафот кўрган Оқолтин туманида ҳам бўлиб, аҳоли вакиллари билан учрашди.

Уй-жойлар қуриш ва таъмирлаш, аҳоли саломатлигини ҳимоя қилиш, инфратузилма объектлари ва қишлоқ хўжалиги майдонларини тиклаш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида айтиб ўтилди. Оқолтин туманининг “Ҳақиқат” маҳалласида 800 хонадондан иборат 20 та кўп қаватли уй барпо этилиши таъкидланди.

Сардоба, Мирзаобод ва Оқолтин туманларида 1 минг 800 га яқин бетон панелли коттеж мавжуд бўлиб, улар сув тошқинидан кўп зарар кўрмаган. Уларни замонавий таъмирлаб, ўз эгаларига топшириш режалаштирилган. Шу мақсадда мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри раҳбарлари бошчилигида 305 та қурилиш ташкилоти ва 12 мингга яқин қурувчилар Сирдарёга етиб келган.

Оқолтин туманидаги “Шодлик”, “Саховат”, “Аҳиллик” маҳаллаларида ва “Учтом” аҳоли пунктида жами 657 та коттеж таъмирланади. “Шодлик” маҳалласидаги уйлар Самарқанд, Қашқадарё ва Тошкент вилоятига, “Аҳиллик” маҳалласи ва “Учтом” аҳоли пункти Сурхондарё вилоятига, “Саховат” маҳалласидаги турар жойлар Тошкент шаҳрига бириктирилган.

Туманда 8,7 минг гектар экин майдонларини сув босган. Сардоба ва Мирзаобод туманларидаги каби, бу ерда ҳам кўчма насослар ёрдамида бу сув қочирилди. Асраб қолиш мумкин бўлган ғўзани чопиқ ва культивация қилиш, қолган жойларда бошқа экинлар экиш чоралари кўрилмоқда.

Оқолтин туманида жами 789 миллиард сўм қийматидаги 95 та лойиҳа ҳисобига 3,5 мингга яқин иш ўринлари яратилиши кўзда тутилган. Мисол учун, “АПК Оқолтин” корхонаси томонидан ўсимлик ёғи, “Оқолтин Мега Текстиль Груп” масъулияти чекланган жамият томонидан трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.

Сув тошқинидан азият чеккан оқолтинликларга ҳам сертификат ва пул маблағли банк карточкалари топширилди.

Президент Тошкентга қайтиб келди.

Манба