АҚШ Савдо вакили офиси Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш жараёнига ёрдам беради

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида АҚШ савдо вакилининг Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бўйича ёрдамчиси C.Уилсон билан видеоконференция ўтказилиб, Ўзбекистон Республикасининг Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлиш доирасидаги икки томонлама ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Видеоконференцияда Ўзбекистон томонидан Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги раҳбарлари ҳамда ЖСТ билан ишлаш бўйича Идоралараро комиссия таркибига кирувчи Республиканинг қатор вазирлик ва идоралари вакиллари иштирок этдилар.

Тадбир давомида Америка томонига республиканинг ЖСТга аъзо бўлишим ва зарур бўлган ҳужжатларни тайёрлаш жараёни тўғрисида маълумотлар берилди.

К. Уилсон Ўзбекистон ҳукумати томонидан ЖСТга аъзо бўлиш доирасида амалга оширилган чора-тадбирларни ижобий баҳолаб, Америка томонининг бу жараёнда Ўзбекистонга ҳар томонлама ёрдам кўрсатишга тайёрлигини тасдиқлади. Ҳозирги эпидемиологик вазиятга қарамасдан, кўриб чиқилаётган ташаббусларни тезлаштириш зарурлиги ҳақида умумий таъкидланди.

Америка томони коронавирус пандемияси даври ва шу билан боғлиқ жорий йилнинг апрель ойи оҳиригача Женевадаги ЖСТ штаб-квартирасидаги тадбирларнинг бекор қилиниши Ўзбекистоннинг ЖСТга қўшилиши бўйича Ишчи гуруҳининг 4-йиғилишига ва унга аъзо мамлакатлар билан бўладиган музокараларга янада пухта ва сифатли тайёргарлик кўриш имкониятидан Ўзбекистон томони фойдаланиши мумкинлиги тўғрисида фикр билдирди.

Шунингдек, томонлар кун тартибини янада жадал ва тезкор ишлаб чиқишга имкон берадиган республиканинг ЖСТга аъзо бўлиш жараёнида барча тадбирларни самарали ташкил этиш мақсадида, шу каби видеоконференцияларни мунтазам равишда ўтказиш орқали тўғридан-тўғри мулоқотни давом эттиришга келишиб олдилар.

Манба