Ўзбекистон ва Беларусь раҳбарлари музокараларни икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида кенгайтирилган таркибда давом эттирди.
Учрашувда савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, саноат кооперацияси ва ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Президент Шавкат Мирзиёев кейинги икки йилда товар айирбошлаш ҳажми қарийб тўрт баробар ошганини, бу суръатни сақлаб, савдо айланмасини янада кенгайтириш кераклигини таъкидлади.
Бунинг учун маҳсулот етказиб берувчилар ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни йўлга қўйиш, бизнес-форум ва кўргазмаларни мунтазам ташкил этиб, мавжуд захираларни имкон қадар ишга солиш ва ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг барча йўналишларини қамраб олиш муҳимлиги қайд этилди.
– Икки томонлама ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия савдо оқимларини чуқур таҳлил қилиб, нималар ҳисобидан товар айирбошлаш ҳажмини жадал ошириш бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқиши керак, – деди Шавкат Мирзиёев.
Александр Лукашенко Беларусь ва Ўзбекистон ҳамкорлиги шунчаки дўстона муносабатлар билан чекланмаганини таъкидлади. Давлатимиз раҳбари ташрифининг кўп қиррали дастури мулоқотни ҳар томонлама ривожлантиришга ўзаро интилиш мавжуд эканининг ёрқин тасдиғидир.
- Ўзбекистон иқтисодиётни диверсификация қилишда катта ютуқларга эришди, автомобилсозлик, нефть ва газ кимё саноати, қишлоқ хўжалиги техникаси ишлаб чиқариш каби янги тармоқлар ташкил этилди. Беларусь қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш орқали Ўзбекистон билан иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришга тайёр, - деди Александр Лукашенко.
Беларусь узоқ муддатли ҳамкорлик дастурини амалга ошириш, қўшма корхона ва сервис марказларини ташкил этиш, сутни қайта ишлаш замонавий мажмуалари, фармацевтика қувватларини ишга тушириш, ахборот технологиялари соҳасида шерикликни мустаҳкамлашдан манфаатдор экани қайд этилди.
Томонлар икки мамлакатнинг йирик саноат корхоналари ўртасида кооперацияни ривожлантириш муҳимлигини таъкидлади. Тажриба ва технологиялар алмашиш орқали рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш, улар билан ҳам ички, ҳам учинчи давлатлар бозорини таъминлаш истиқболлари муҳокама қилинди. Қишлоқ хўжалиги, машинасозлик, тўқимачилик, чарм-тери ва озиқ-овқат саноати, фармацевтика ва бошқа истиқболли йўналишларда кооперацияни кучайтириш ҳам устувор аҳамиятга эга экани таъкидланди.
Шавкат Мирзиёев и Александр Лукашенко икки мамлакат ҳудудларида мавжуд салоҳиятни тўла юзага чиқариш муҳимлигини таъкидладилар. Ўзбекистон Президентининг ташрифи арафасида Минскда ўтган форумда томонларнинг ҳамкорликка интилиши қатъийлиги, ўзаро манфаатли лойиҳалар кўплиги намоён бўлди.
Илм-фан, рақамли технологиялар, таълим, маданият, туризм соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича ҳам келишувларга эришилди.
Музокаралар якунида қабул қилинган қарорлар ва имзоланган битимларни амалга ошириш бўйича қўшма "йўл харитаси"ни ишлаб чиқиш ва қабул қилишга келишиб олинди.
Олдингиси
Музокаралар натижалари битимларда ўз ифодасини топди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко Минскдаги музокаралар якунида Қўшма баёнот қабул қилдилар.
01.08.2019