Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева “Аёллар тараққиёти ва фаровонлиги глобал ташаббуси” бўйича саъй-ҳаракатга чақириқнинг Ўзбекистон томонидан имзоланиши маросимида иштирок этди ҳамда видеомурожаат йўллади.
Таъкидлаш жоизки, 2019 йил февраль ойида АҚШ президенти маслаҳатчиси И.Трамп “Аёллар тараққиёти ва фаровонлиги глобал ташаббуси” билан чиқди. Мазкур ташаббус дунё бўйлаб аёлларнинг иқтисодий ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтиришга қаратилган 18 та йўналишдан иборат бўлиб, 122 млн. АҚШ долл. қийматидаги бюджетга эга.
Тадбир доирасида Ўзбекистонда хотин-қизларнинг салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқаришлари учун барча шарт-шароитларни таъминлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилгани ва бу борада қатор ижобий натижаларга эришилаётгани таъкидлаб ўтилди.
Имзоланган ҳужжатнинг мақсад ва тамойиллари мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш ҳамда гендер тенгликни таъминлаш бўйича олиб борилаётган давлат сиёсати билан ҳамоҳанг эканлиги қайд этилди.
Бу ташаббус дунёда гендер тенгликни таъминлаш ишига салмоқли ҳисса қўшади.
Мазкур ҳужжат аёлларни мамлакат иқтисодий ҳаётида илгари суриш ва тўлақонли, эркин иштирок этиш, иқтисодий ўсиш, барқарорлик ва тинчлик учун янада кўпроқ имкониятларни очишга чорлайди.
Ўзбекистон эса мазкур йўналишда халқаро миқёсда манфаатли ҳамкорликка тайёр эканини маълум қилди.