Уй-жойга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлашнинг янги тизими жорий этилади

Президент Шавкат Мирзиёев мутасаддилар билан бўлиб ўтган йиғилишда Андижон вилояти аҳолисининг турмуш шароитларини яхшилаш, инфратузилмани ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.

Жорий йилда вилоятда 6 минг 196 та – ўтган йилгига нисбатан 2 баробар кўп уйлар қурилмоқда.

Давлатимиз раҳбари уй-жойга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлашнинг янги тизимини жорий этиб, Андижон вилоятида 819 та оилага субсидия ажратиш зарурлигини таъкидлади.

Бу йил 642 километр автомобиль йўли, 85 километр ичимлик суви тармоқлари қурилиши ва таъмирланиши белгиланди.

Таълим сифатини яхшилаш, ўқувчиларни 7-синфдан қизиққан касбига йўналтириш бўйича кўрсатмалар берилди. Бу келгусида уларнинг бандлигини таъминлашда муҳим ўрин тутади.

– Мени энг кўп ўйлантирадиган масала – ёшлар ва хотин-қизлар. Уларга эътибор, кўмак керак. Билими, қўлида касб-ҳунари бўлса, ҳаётда ўз ўрнини топиб кетади, дунёқараши ҳам бошқача бўлади. Ота-онаси, оиласи ҳам давлатдан рози бўлади, – деди Шавкат Мирзиёев.

 

Туризм ва ахборот технологияларини ривожлантириш, жиноятчиликнинг олдини олиш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди.

Йиғилишда Бош вазир ўринбосарлари, тармоқ раҳбарлари ҳисобот берди. Видеоалоқа орқали туман ҳокимлари ва фаолларнинг фикрлари эшитилди.

Манба