Давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилиш тизимининг самарадорлигини ошириш масалалари муҳокама қилинди

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 13 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасини қўриқлаш ва муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш масалаларига бағишланган ишчи йиғилиш бўлиб ўтди.

Тадбирда Президент ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши аппарати ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати раҳбарлари иштирок этди.

Чегара қўшинлари фаолиятининг амалий натижалари ҳамда мамлакатимиз Қуролли Кучлари Олий Бош Қўмондони томонидан ўтган йил 27 август кунги йиғилишда белгиланган вазифалар ижросининг бориши кўриб чиқилди.

Бугунги кунда халқаро ва минтақавий хавфсизликка таҳдид солаётган хавф-хатарларни ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Давлат чегараси хавфсизлигини таъминлаш самарадорлигини янада оширишнинг устувор йўналишлари белгиланди.

Замонавий автоматлаштирилган чегара назорати тизимлари ва ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, шунингдек, Чегара қўшинлари бўлинмаларининг куч ишлатар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тузилмалар ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан ўзаро уйғун ҳамкорлигини йўлга қўйиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчиларини профессионал тайёрлаш сифатини ошириш, уларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ва ижтимоий муҳофаза қилиш масалалари ҳар томонлама кўриб чиқилди.

Сарҳадларимиз хавфсизлиги ва дахлсизлигини ишончли ва кафолатли таъминлаш – халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаёти, мамлакатимиз тараққиёти кафолати экани алоҳида таъкидланди.

Марказий Осиё давлатларининг чегара идоралари билан алоқаларни изчил ривожлантириб бориш, турли халқаро ташкилотлар билан қўшма тадбирларни кўпайтириш ҳамда хорижий шериклар билан чегараолди ҳамкорликни фаоллаштириш юзасидан эришилган келишувларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш бўйича кўрсатмалар берилди.

Президент Шавкат Мирзиёев минтақада савдо, туризм алоқалари ва маданий алмашинувларни мустаҳкамлаш, одамларнинг борди-келдисини кўпайтириш мақсадида фуқаролар ва хорижлик меҳмонлар учун Давлат чегарасини кесиб ўтишда қулай шароитлар яратиш муҳимлигига эътибор қаратди.

Амалга оширилаётган ишлар танқидий таҳлил қилиниб, мутасадди тузилмалар раҳбарларига Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилиш тизимининг самарадорлигини ошириш бўйича аниқ топшириқлар берилди.

Манба