Депутатлар Наманган вилоятига ҳокимни тасдиқлади

Наманган шаҳрида халқ депутатлари вилоят кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтмоқда.

Сессияда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этмоқда.

Сессияда ташкилий масала кўрилди.

- Хабарларинг бор, Наманган вилоятининг аввалги ҳокими Хайрулла Бозоров ислоҳотларимизни амалга ошириш бўйича кўп ишлар қилди. Бу ерда олинган сабоқ ва тажрибани иккинчи вилоятда ҳам қўллаш, одамларнинг бирини икки қилиш учун уни Фарғона вилоятига ҳоким қилдик. Энди Наманган вилоятига янги ҳоким тайинлаш масаласини кўриб чиқишимиз керак. Наманганнинг бугунги ривожига муносиб, уддабуррон, халқпарвар, тадбиркорни қўллаб-қувватлайдиган одамни раҳбар қилиб сайлашимиз керак, - деди Президент.

Давлатимиз раҳбари ҳокимларни тайёрлаш ва тайинлаш масъулияти ҳақида гапирди.

- Ҳаёт шундайки, мен ҳар бир вилоятга раҳбар бўла оладиган одамни тўрт-беш йил олдин тайёрлашга мажбурман. Шавкат Абдуразоқов Наманган тумани, Наманган шаҳрида ҳоким бўлган, Вазирлар Маҳкамасида департамент мудири, вазир бўлиб ишлаган. Наманганнинг шароитини, халқнинг дардини, Тошкентдаги кабинетлар эшигини қандай очишни, масалани қандай ҳал қилишни билади, - деди Шавкат Мирзиёев.

Давлатимиз раҳбари 2020 йил сентябрь ойидан буён Наманган вилояти ҳокими вазифасини бажариб келаётган Шавкат Шокиржонович Абдуразоқов номзодини вилоят ҳокими лавозимига тавсия этди.

Ш.Абдуразоқов 1976 йилда Наманган шаҳрида туғилган. Вилоят ҳокимлиги, давлат мулки бошқармаси, Вазирлар Маҳкамасида масъул лавозимларда ишлаган. Давлат экология қўмитаси раиси бўлган.

Халқ депутатлари, нуронийлар, аёллар, ёшлар сўзга чиқиб, номзодни қўллаб-қувватлади. Овозга қўйиш натижаларига кўра, Шавкат Абдуразоқов Наманган вилоятининг ҳокими этиб тасдиқланди.

Манба