ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ДИИҲБ) Миссиясининг якуний ҳисоботи эълон қилинди.

ЕХҲТнинг расмий веб-сайтида ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ДИИҲБ) Миссиясининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига 2019 йил 22 декабрь куни бўлиб ўтган сайловларни кузатиш бўйича якуний ҳисоботи эълон қилинди.

Бундан олдин Миссиянинг Оралиқ ҳисоботи (2019 йил 13 декабрь) ва Сайловнинг дастлабки натижалари ва хулосалари тўғрисидаги баёноти (2019 йил 23 декабрь) эълон қилинган эди.

ДИИҲБ – ЕХҲТ минтақасида сайловларни кузатиш соҳасидаги етакчи ташкилот ҳисобланади. Ҳар йили мазкур бюро ЕХҲТ мамлакатларидаги сайловларни ташкилот мажбуриятлари, бошқа халқаро стандартлар ва миллий қонунчиликка риоя қилинишини баҳолаш учун минглаб кузатувчиларни юборишни мувофиқлаштиради ва ташкил этади.

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг ЕХҲТ ДИИҲБ билан ҳамкорлиги анъанага айланган. Мазкур ташкилотнинг миссиялари Ўзбекистондаги парламент ва президентлик сайловларида кузатувчи сифатида 1999 йилдан буён иштирок этиб келмоқда. Ўтган парламент сайловларини кузатиш учун ЕХҲТ ДИИҲБ илк маротаба тўлақонли миссияни юборди. Сайловлар куни ЕХҲТ парламент Ассамблеяси делегацияси билан биргаликда Халқаро миссия шакллантирилди ва унда 37 мамлакатдан 316 нафар кузатувчи иштирок этди.

ДИИҲБ Миссиясининг якуний ҳисоботида, сайловлар такомиллашган қонунчилик асосида ўтказилгани ва мустақил фикрларга нисбатан тоқат қилиш муҳитининг ошгани ҳақида хулоса қилинган. Парламент сайловлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан қабул қилинган Ўзбекистоннинг иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ҳаётида улкан ислоҳатларни амалга оширишга йўналтирилган 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясига биноан ўтказилгани қайд этилган. “Сайловгача бўлган муддатда мустақил фикрлар янада кўпроқ тингланди ва фуқаролар ўз сиёсий қарашларини Интернетда, ижтимоий тармоқлар ва турли блоглар орқали жойлаб боришларида эркинликни ҳис этдилар”, – дейилади ҳисоботда.

Ҳисоботда Марказий сайлов комиссиясининг иши ижобий баҳоланиб, “парламент сайловларига янада яхшироқ тайёргарлик кўриш ва ўтказиш учун улкан куч сафарбар этилгани” таъкидланган. Хусусан, сайлов комиссиялари аъзоларини тайёрлаш, уларнинг сайловларни ташкил қилиш ва ўтказишга оид кўникмаларини ошириш, сайловларда кўп сонли халқаро ва маҳаллий, жумладан, сиёсий партияларнинг, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органларининг кузатувчилари, ОАВ вакилларининг тўсқинликларсиз иштирокини таъминлаш, сайловчилар ўртасида изчил ва сезилувчан ахборот кампаниясини ўтказиш борасида олиб борилган ишларига юксак баҳо берилган.

Айниқса сайлов комиссияси аъзоларини ўқитиш натижалари алоҳида таъкидланган: “Миссия вакиллари ташриф буюрган аксарият сайлов участкаларидаги комиссия аъзолари янги Сайлов кодексини яхши билишларини ифода этган”.

Ижобий ҳолат сифатида Миссия Ўзбекистон томонидан миллий ҳуқуқий базани ЕХҲТ доирасидаги мажбуриятларга яқинлаштирадиган ЕХҲТнинг бир қатор тавсияларини қабул қилганини қайд этган. “Сайлов кодекси сайлов жараёнлари тўла қайта кўриб чиқилганидан кейин қабул қилинди. Ушбу жараёнда Ўзбекистон ҳукумати ДИИҲБнинг аввалги тавсияларини кўриб чиқди, ДИИҲБ билан конструктив мулоқотлар ўтказиб, ДИИҲБдан ва Европа Кенгашининг Венеция комиссиясидан Кодекс лойиҳаси бўйича фикр-мулоҳазалар билдиришни сўради”, деб қайд этилган.

Сайлов жараёнига ахборот-коммуникация технологияларининг жорий этилиши муҳим жиҳатлардан бири сифатида таъкидланиб, “Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатининг жорий этилиши - илгари бўлгани каби сайловчиларни қоғозда рўйхатга олишга нисбатан улкан ютуқдир”, дейлади ҳисоботда.

Депутатликка номзодлар сафида хотин-қизлар  (41 фоизгача) ва бошқа миллат вакиллари улушининг (8,4 фоизгача) сезиларли даражада ошиши ҳам ижобий деб баҳоланган. Ҳисоботда таъкидланадики, “Президент Шавкат Мирзиёев 2019 йилнинг июнида сиёсий партияларни аввалги сайловларда хотин-қизларнинг номзодини кам кўрсатгани учун танқид қилган эди. Ўз навбатида, сиёсий партиялар 2019 йида ўтган парламент сайловларида хотин-қизлардан иборат номзодлар улушини 2014 йилги сайловлардаги 32 фоиздан 41 фоизгача кўпайтирди, улардан 48 нафари сайлангани эса (32 фоиз) жиддий кўпайишни ташкил қилди”.

ДИИҲБ сайлов жараёнларини янада такомиллаштириш борасида Ўзбекистонга ёрдам беришга тайёр эканлигини таъкидлар экан, якуний ҳисоботида бир қатор тавсияларини таклиф қилди.

Хусусан, устувор тавсиялар сифатида сиёсий партияларни тузиш ва фаолият юритишига тўсқинлик қилувчи номутаносиб ҳуқуқий қоидаларни бекор қилиш, “уч эркинлик” – йиғилишлар ўтказиш, уюшмаларга бирлашиш ва сўз эркинлигини таъминлаш учун мавжуд қонунчилик базасини қайта кўриб чиқиш, номзодлар учун “яшаш цензи” (Ўзбекистон ҳудудида камида беш йил)ни, туҳмат ва ҳақорат учун жиноий жавобгарликни бекор қилиш, нодавлат нотижорат ташкилотларига сайловларни кузатиш ҳуқуқини бериш, бир сайловчининг бир неча бор овоз беришни олдини олиш мақсадида сайлов куни сайловчиларни руйҳатга олишни таъқиқлаш.

Шунингдек, Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенцияни ратификация қилиш ва муомалага лаёқатсиз шахсларга овоз бериш ҳуқуқини тақдим этиш, сайловолди ташвиқоти даврида ташвиқот митингларини ўтказиш учун рухсат бериш тартибини бекор қилиб, ўрнига хабардор қилиш тартибини ўрнатиш, партиялар ва номзодларни хусусий маблағлардан молиялаштиришга рухсат бериш, партияларнинг молиявий ҳисобдорлик тизимини такомиллаштириш бўйича тавсиялар берилди.

Марказий сайлов комиссияси ЕХҲТ ДИИҲБ Миссиясига Ўзбекистонга умумэътироф этилган стандартлар ва энг яхши амалиётларга мувофиқ адолатли, шунингдек халқаро сайлов мажбуриятларига мувофиқ ошкора сайловларни ўтказишда кўрсатган кўмаги учун самимий миннатдорчилик билдиради.

Марказий сайлов комиссияси ЕХҲТ ДИИҲБ билан конструктив мулоқотни давом эттириш, сайлов қонунчилиги ва амалиётини янада такомиллаштириш бўйича изчил ишларни амалга оширишга тайёрлигини билдиради.

Манба