ЎЗБЕКИСТОННИНГ ЭНЕРГИЯ САМАРАДОРЛИГИ ЯНГИ БОСҚИЧГА КЎТАРИЛМОҚДА

Ўзбекистон иқтисодиётида 2 йил давомида энергия самарадорлик чораларини кучайтириш ҳисобидан 3,3 млрд. кВт.с электр энергия ва 2,6 млрд. кубометр табиий газни тежаш режалаштирилмоқда.

 Ушбу кўрсаткичлар мамлакатимиз Президентининг  2020 йил 10 июлда қабул қилинган “Иқтисодиётнинг энергия самарадорлигини ошириш ва мавжуд ресурсларни жалб этиш орқали иқтисодиёт тармоқларининг ёқилғи-энергетика маҳсулотларига  қарамлигини камайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4779-сонли қарорида кўзда тутилган.

Энергия самарадорлиги ёки бошқача қилиб айтганда, иқтисодий ва ижтимоий соҳаларда энергия манбаларидан оқилона фойдаланиш, ишлаб чиқариш сектори рентабеллиги ва рақобатбардошлигини ошириш ҳамда энергия тежашнинг муҳим омили бўлиб, бу ўз навбатида энергия хавфсизлигига, иш ўринлари яратилишига, аҳоли фаровонлигининг ўсишига ва мамлакатнинг ривожланиши учун жиддий таъсир кўрсатмоқда.  

Ушбу ҳужжатга мувофиқ, 1 августдан электр энергиясини янги ишга тушириладиган қуёш, шамол, биогаз электр станциялари, микро ва кичик гидроэлектрстанциялардан, шу жумладан, ўз эҳтиёжлари учун ишлаб чиқарилган ортиқча электр энергиясини кафолатланган тарзда сотиб олиш бўйича тариф белгиланади. 

Қарорда саноат кўламидаги қайта тикланувчи энергия манбалари (гидроэлектрстанциялардан ташқари) соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш учун потенциал инвесторларни аниқлаш шаффоф аукцион (танлов) савдолари орқали амалга оширилиши мустаҳкамланган.

Айни пайтда ушбу ҳужжатда 2020 йил 15 июлдан 31 декабргача бўлган даврда учинчи (тунгги) сменани ташкил этган маҳсулот ишлаб чиқарувчиларга фойдаланилган электр энергияси бўйича ҳисоб-китобларда камайтириш коэффициенти қўлланилиши кўзда тутилган.

Шунингдек,  олдиндан тўлов киритиш тўғрисидаги мажбурий талабни 30 фоизгача камайтириш давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган  корхоналарга татбиқ этилмайди.

Қарорда 3,3 миллиард кВт соат электр энергияси, 2,6 миллиард м3 табиий газ ва 16,5 минг тонна нефть маҳсулотларини тежашни назарда тутувчи 2020 –2022 йилларда иқтисодиёт тармоқларида ёқилғи-энергетика ресурсларини тежашнинг мақсадли параметрлари тасдиқланган.

Шунингек, ушбу ҳужжатда иқтисодиёт тармоқларининг йирик энергия сарфловчи корхоналарида энергия самарадорлигини ошириш ва ёқилғи-энергетика ресурсларини тежаш бўйича “Йўл харитаси” ҳам тасдиқланган.

Қарорда Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлигининг тузилмасига кирадиган, аввал ташкил этилган бюджетдан ташқари Тармоқлараро энергияни тежаш жамғармасининг таркиби тасдиқланди ва молиялан манбалари белгиланди.

Белгиландики, ушбу Жамғарма маблағлари қуйидагиларга йўналтирилади: бинолар ва кўп квартирали уйларда энергия самарадор технологиялар ва қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини жорий этган ҳолда уларнинг энергия самарадорлигини ошириш; ушбу йўналишдаги ўқув марказлари ташкил этиш; тегишли стартап-лойиҳаларни молиялаштириш, қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмалари, иссиқлик насослари, конденсаторли батариялар ҳамда энергия самарадорлигини оширишга йўналтирилган ишлаб чиқариш корхоналарининг устав жамғармаларида иштирок этиш.

Ушбу қарор билан бир қатор масъул тузулмаларга, шу жумладан Энергетика вазирлигига топшириқлар берилган. Жумладан,  2 ой муддатда 285 та йирик корхонада энергоаудитни ўтказиш учун мамлакатимиз компаниялари ва хорижий компанияларини жалб қилиш, шунингдек уларнинг рўйхатини кенгайтириш бўйича таклифлар бериш белгиланган.

Ҳужжатда Энергетика вазирлигининг Ягона ахборот тармоғини яратиш кўзда тутилган бўлиб, уни 2021 йилнинг охиригача ишга тушириш мўлжалланган. Ягона ахборот тармоғидан олинган таҳлилий маълумотларга кўра, юқори энергия истеъмоли кузатиладиган корхоналарда мажбурий энергияаудити механизми жорий қилинади.

Манба