Куни кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлигига оид масала кўриб чиқилган эди. Мухбиримиз муҳокама этилган масаланинг долзарблигидан келиб чиқиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал САИДОВ билан суҳбатлашди.
— Акмал Холматович, Кенгаш йиғилишида кўриб чиқилган масала юзасидан қандай қарор қабул қилинди? Шу ҳақда тўхталиб ўтсангиз.
— Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида бугунги кунда Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлик қилиш билан боғлиқ масалалар ўрганилаётгани, бунда, энг аввало, халқимиз манфаатларидан келиб чиқиб, ёндашишимиз зарурлиги таъкидланиб, парламент палаталарида мазкур масалани атрофлича муҳокама қилиш кераклиги қайд этилган эди.
Бу, биз, депутатлар ва сенаторлар зиммасига катта масъулият юклайди. Чунки халқимиз хоҳиш-иродасига таянган ҳолда, асосланган хулосаларни айтишимиз керак.
Қайд этиш жоиз, ЕОИИ таркибига тўлақонли аъзо бўлиб кириш ёки кузатувчи мақомига эга бўлишдан олдин ҳар бир мамлакат ва унинг фуқаролари, энг аввало, ЕОИИга оид ташкилий-ҳуқуқий муносабатларни, тартибга солувчи органлар ва уларнинг фаолиятини, ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосларини, шунингдек, ўзаро келишув ва битимлар мамлакат учун нима манфаат бериши ёки қандай салбий оқибатларга олиб келишини чуқур таҳлил қилиши мақсадга мувофиқ.
Шу боис, Кенгаш йиғилишида мамлакатимизнинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлигига оид масалани ўрганиш бўйича тегишли қарор қабул қилинди.
— Ишчи гуруҳи нима мақсадда тузилди ва унинг таркиби кимлардан иборат?
— Мамлакатимиз иқтисодиёти рақобатбардошлигини ва экспорт салоҳиятини ошириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Ушбу мақсадларга эришиш учун халқаро иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш ва жаҳон бозорига интеграциялашув жараёнини жадаллаштириш зарур.
Ушбу мақсадда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгаши қарори билан Ўзбекистон Республикасининг Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлигини йўлга қўйиш масаласини ўрганишни ташкил этиш бўйича ишчи гуруҳи тузилди. Унинг таркибига парламент қуйи палатасидаги барча сиёсий партиялар фракциялари раҳбарлари, қўмиталар раислари, соҳани чуқур биладиган депутатлар киритилди. Бу кўриб чиқилаётган масалага асосланган, таҳлилий нуқтаи назардан ёндашиш имконини беради.
— Ишчи гуруҳи вазифалари нималардан иборат?
— Дарҳақиқат, Ишчи гуруҳи томонидан амалга оширилиши лозим бўлган асосий вазифалар белгиланди.
Булар қуйидагилар:
— ЕОИИ билан ҳамкорликнинг миллий иқтисодиётга таъсирини чуқур таҳлил қилиш;
— қисқа, ўрта ва узоқ муддатли истиқболда миллий иқтисодиёт ривожланишининг устувор йўналишларига ЕОИИ билан ҳамкорликнинг мослигини ўрганиш;
— ҳамкорликнинг ҳар бир иқтисодиёт тармоғига ижобий ва салбий таъсирини батафсил ёритиб бериш;
— ЕОИИ билан ҳамкорлик Ўзбекистоннинг бошқа халқаро ташкилотлар ва хорижий мамлакатлар билан ҳамкорлигига таъсирини ҳар томонлама кўриб чиқиш шулар жумласидан.
Албатта, бу масалалар қуйи палатада ҳар томонлама кўриб чиқилади ва тегишли хулоса қилинади.
— Вазирлар Маҳкамаси зиммасига қандай вазифалар юкланмоқда? Шу ҳақда ҳам тўхталиб ўтсангиз.
— Айтиш керак, Вазирлар Маҳкамаси ушбу йўналишдаги ишларни анча олдин бошлаган эди. Бу борадаги таҳлилий ва тизимли баҳолаш ишлари якунланиб, тегишли аналитик материаллар Қонунчилик палатасига киритилди.
Ҳукумат олдига аниқ вазифалар қўйилди. Чунончи, Ишчи гуруҳини Ўзбекистонинг ЕОИИ билан ҳамкорлик масаласига тааллуқли барча ахборот-таҳлилий маълумотлар билан таъминлаши, заруратдан келиб чиқиб, фракциялар ҳамда қўмиталарнинг ушбу масала юзасидан ўтказиладиган мажлисларида мутасадди вазирлик ва идоралар вакилларининг иштирокини кафолатлаши белгиланди. Шу билан бирга, кенг жамоатчиликнинг фикрини ўрганиш ва уларнинг хоҳиш-иродасига таянган ҳолда Ўзбекистоннинг ЕОИИ билан ҳамкорлиги масаласи юзасидан фуқаролар ҳамда бизнес ҳамжияти ўртасида ижтимоий сўров ўтказиш, унинг якунлари юзасидан таҳлилий маълумотларни тақдим этиш назарда тутилди.
Қуйи палатада Ишчи гуруҳи аъзолари томонидан ушбу маълумотлар билан бирга, барча фракциялар ва қўмиталарнинг хулосалари ҳам олинади ва умумлаштирилади.
Албатта, биз бу борада Ҳукумат билан узвий ҳамкорликда ишлаймиз.
— Иш режасида яна қандай масалаларга ўрин берилган?
— Иш режасида иқтисодий интеграция масаласида мамлакатимиз иқтисодиётининг йирик тармоқларини ўрганиш, ушбу масала бўйича етакчи илмий-тадқиқот муассасалари, хорижий ва маҳаллий мутахассисларнинг таклифлари ҳамда хулосаларини олиш, энг аҳамиятлиси, бу борада амалга оширилаётган ишларни мунтазам равишда оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишини ташкил этишга кенг эътибор қаратилади.
Шу ўринда алоҳида таъкидлашим жоиз, Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ҳам Ишчи гуруҳи фаолиятини илмий ва ахборот-таҳлилий жиҳатдан таъминлаб боради. Бу хорижий мутахассислар таклифлари ҳамда хулосаларини олишга, шунингдек, хорижий тажрибани таҳлил қилишга зарур шароит яратади.
Олдингиси
Давлат томонидан кўрилаётган чоралар одамларимизнинг касалликни юқтириб олиш эҳтимолини имкон қадар чегаралаш, вирусли инфекциянинг тарқалишини жиловлашга қаратилган
Коронавирус пандемияси бутун инсоният учун Яратганнинг берган бир синовидир...
30.03.2020