Шу йил 12 май куни Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари С.Сафоевнинг Европа парламентининг Марказий Осиё мамлакатлари ва Мўғилистон билан алоқалар бўйича делегацияси раиси Ф. Мартушелло (Италия) билан видеоконференция форматида музокаралари бўлиб ўтди.
Учрашувда Ўзбекистон Республикаси ва Европа Иттифоқи ўртасидаги муносабатларни, шу жумладан икки томонлама парламентлараро алоқалар соҳасидаги муносабатларни ривожлантириш тўғрисида батафсил фикр алмашилди.
Европа Иттифоқи билан сиёсий мулоқотни ривожлантириш ва иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш мамлакатимиз ташқи сиёсатининг муҳим устуворликларидан бири ҳисобланади. Сўнгги вақтда томонлар ўртасидаги муносабатлар янгича руҳда ривожланмоқда. Бундан апрель ойида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев ва Европа кенгаши раҳбари Ш.Мишель ўртасида телефон орқали ўтказилган мазмунли музокаралар дарак беради.
Ф.Мартушелло коронавируснинг тарқалишига қарши курашиш бўйича Ўзбекистонда кўрилаётган чора-тадбирлардан хабардор этилди. Шу нуқтаи назардан Ўзбекистон томони пандемиянинг мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ривожига таъсирини камайтириш учун 36 млн. евро миқдорида молиявий ёрдам тақдим этишга тайёрлиги учун Европа Иттифоқига миннатдорлик билдирди.
Европарламент делегацияси раиси COVID-19 пандемиясига қарши курашиш бўйича мамлакатимиз раҳбарияти томонидан кўрилаётган қатъий ва самарали чора-тадбирларни юқори баҳолади. Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон раҳбариятининг инқирозга қарши чора-тадбирларининг самарадорлиги кейинги йилларда олиб борилган ислоҳотлар дастури билан боғлиқ.
Ўзбекистон чет давлатларга, шу жумладан Европа Иттифоқи аъзоси Венгрияга коронавирусга қарши курашишда гуманитар ёрдам кўрсатганлиги алоҳида қайд этилди.
Европарламент депутати шу йил март ойида Тошкентда Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик битими лойиҳаси юзасидан ўтказилган Ўзбекистон ва ЕИ ўртасидаги музокаралар якунларига ижобий баҳо берди. Мазкур музокаралар давомида томонлар ушбу кенг қамровли лойиҳанинг кўплаб муҳим масалаларини келишиб олишга муваффақ бўлдилар.
Ф.Мартушелло Ўзбекистоннинг GSP+ преференциал савдо мақомига эга бўлиши мамлакатимиздаги ислоҳотлар сиёсати қўллаб-қувватланишини кўрсатувчи муҳим қадам бўлишига қўшилди. GSP+ мақоми 6 мингдан зиёд номдаги товарларни Европа Иттифоқига божсиз экспорт қилиш имконини беради.
Шунингдек, музокаралар чоғида “Ўзбекистон-ЕИ” парламентлар ҳамкорлиги қўмитасининг навбатдаги 15-мажлисини Брюссель шаҳрида ўтказиш масалалари ҳам муҳокама этилди.
Олдингиси
БМТ Бош котиби Ўзбекистон Президентига мактуб йўллади
Сизнинг Ҳукуматингиз томонидан Ўзбекистон Республикасида вируснинг тарқалишини жиловлаш, шунингдек, пандемиянинг ижтимоий-иқтисодий, шу жумладан аҳолининг энг эҳтиёжманд қатламлари учун оқибатларини юмшатиш бўйича кўрилган қатъий чораларни юксак баҳолайман.
12.05.2020