Президент Шавкат Мирзиёев Ҳарбий прокуратура органлари томонидан амалга оширилаётган ишлар ҳисоботи билан танишди.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокуратураси Қуролли Кучларда ва ҳарбий тузилмаларда қонунларга риоя этилишини назорат қилади. Мазкур орган томонидан мамлакатимиз суверенитетини мустаҳкамлаш, мудофаа салоҳиятини ошириш, ҳарбий хизматчиларнинг ва оила аъзоларининг ҳуқуқларини таъминлаш чоралари кўрилмоқда.
Жумладан, жорий йилда 1 минг 100 га яқин прокурор назорати ҳужжати қўлланилиб, 261 та ҳужжат қонунга мувофиқлаштирилган. 7 минг 858 нафар шахснинг ҳуқуқи тикланган. 654 нафар ҳарбий хизматчининг оила аъзолари иш билан таъминланган.
Қуролли Кучларда қурилиш дастурига киритилган объектларнинг лойиҳа-смета ҳужжатлари назорат тартибида кўриб чиқилиб, 23 миллиард сўмдан зиёд бюджет маблағлари иқтисод қилинишига эришилган. Ҳарбий прокурор протестларига асосан судларнинг 10 та қарори қонунга мувофиқлаштирилиб, 6 нафар шахс оқланган.
Фуқароларнинг 2 мингга яқин мурожаатлари кўриб чиқилиб, 254 таси қаноатлантирилган. Шунингдек, сайёр қабулларда 3 минг 200 нафар шахс қабул қилиниб, аниқланган муаммоларини ҳал этиш чоралари кўрилган.
Мамлакатимизнинг Тараққиёт стратегиясидан келиб чиқиб, ҳарбий тузилмаларда ҳам “инсон қадри” тамойили устувор этиб белгиланган. Ҳарбий хизматчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари, ижтимоий ҳимояси таъминланиши алоҳида назоратга олинган. Ҳарбий прокуратура бу борада қонун ҳимоячиси, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олишда фаол тарғиботчи бўлмоқда.
Қайд этилганидек, ҳарбий хизматчиларга Қуролли Кучлар ҳамда бошқа соҳалардаги ислоҳотлар, қабул қилинаётган қонунчилик ҳужжатлари ва давлат дастурларининг мазмун-моҳиятини изчил етказишга алоҳида эътибор қаратилади.
Ёшларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ва ҳуқуқий саводхонлигини ошириш мақсадида олис ҳудудлардаги мактаблар ҳарбий прокуратура идораларига бириктирилиб, прокурорлик соатлари ташкил этилади.
Бюджет маблағларининг мақсадли сарфланишини таъминлашда электрон платформалар имкониятларидан янада кенг фойдаланилади.
Давлатимиз раҳбари Ҳарбий прокуратура фаолиятини рақамлаштириш, инсон манфаатларини таъминлаш бўйича қўшимча кўрсатмалар берди.
Кейингиси
Ўзбекистон ва Озарбайжон раҳбарлари ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш масалаларини муҳокама қилдилар
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 24 декабрь куни Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев билан телефон орқали мулоқот қилди.
24.12.2022