Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда. Кун тартибига иккита масала – ҳудудларда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар натижадорлиги ҳамда хизматлар соҳасини ривожлантиришга доир келгуси вазифалар муҳокамаси киритилган.
Маълумки, йил бошида ҳар бир вилоят, туман ва шаҳар ҳокими халққа мурожаат қилиб, тадбиркорликни ривожлантириш бўйича аниқ режаларини белгилаб олган эди. Уларни амалга ошириш мақсадида, бу йилги мураккаб синовларга қарамасдан, бизнесни қўллаб-қувватлаш учун етарли ресурслар ажратиб, барча зарур шароитлар яратилди.
Йиғилишда, аввало, ҳокимлар ва сектор раҳбарларининг асосий вазифаси ва зиммасига олган мажбурияти – янги иш ўринлари яратиб, эҳтиёжманд оилаларни “темир дафтар”дан чиқариш борасидаги ишлар натижадорлиги кўриб чиқилмоқда.
Масалан, Сирдарё вилоятида 10 ойда 12 мингта доимий иш ўрни ташкил этилган. Натижада “темир дафтар”га киритилган ишсиз фуқароларнинг қарийб 90 фоизи бандлиги таъминланган.
Худди шундай, Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳри ва Китоб тумани, Навоий вилоятининг Қизилтепа, Учқудуқ, Навбаҳор туманлари ва Зарафшон шаҳрида кўп иш ўрни яратилгани қайд этилди. Шу билан бирга, бу борада аҳвол қониқарсиз бўлган туманлардаги сусткашликлар кўрсатиб ўтилди.
- Ҳар бир ҳудудда тадбиркорликни ривожлантиришнинг катта ресурслари бор. Фақат уни ишга солиш керак. Ҳудуд раҳбарлари ҳар куни бу ҳақда ўйлаши ва изланиши лозим, - деди давлатимиз раҳбари.
Мазкур йилда оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида жами 4 триллион сўм ажратиш белгиланган эди. Лекин йил давомида қўшимча маблағлар ҳам йўналтирилди, аҳоли ва тадбиркорларга жами 5,2 триллион сўм имтиёзли кредитлар берилди.
Йиғилишда ушбу маблағларнинг самарадорлиги таҳлил қилинди. Мисол учун, Шовот туманида 26 миллиард сўм оилавий кредит ажратилиб, бир ярим мингта иш жойи яратилган. Яъни, 1 миллиард сўм кредитга 56 та янги иш ўрни тўғри келган.
Бу кўрсаткич Қўшработда 57 та, Музработда 49 тани ташкил этган.
Бугунги кунда тадбиркорларнинг қарийб 1 триллион сўмлик янги лойиҳалари учун кредитларга талаби борлиги қайд этилди. Молия вазирлигига янги жалб этилган еврооблигация маблағларидан 1 триллион сўмни Халқ банки, Микрокредитбанк ва Агробанкка оилавий тадбиркорлик дастурлари учун ресурс сифатида жойлаштириш вазифаси қўйилди.
Халқ банкига хотин-қизлар тадбиркорлиги учун лойиҳалар тайёрлаб, уларни ўз бизнесини йўлга қўйишни ўргатиш топшириғи берилди. Бунда банк ходимлари аёллар билан мижозбай, маҳаллабай, туманбай бевосита ишлаши зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Тадбиркорлик фаолияти учун яратилган имтиёзлар натижасида 10 ойда 78 мингта корхона ташкил этилган. Хусусан, Ховос туманидаги янги кичик саноат зонасида 7 та лойиҳа натижасида 500 та иш ўрни яратилган. Умуман, туманда жами 170 та янги корхона очилган.
Лекин Ёзёвон, Учтепа, Шофиркон ва Бекобод туманларида фаол тадбиркорларни кўпайтириш бўйича ишлар танқид қилинди. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига бундай жойларда тадбиркорларга ҳар томонлама кўмак бериш бўйича “бизнес-патронаж” тизимини йўлга қўйиш топширилди.
Пандемия даврида вақтинча ишламай турган 96 мингта корхона ўз фаолиятини тиклагани қайд этилиб, қолган бизнес субъектларига ҳам бу борада кўмаклашиш муҳимлиги таъкидланди.
Ҳудудларда тадбиркорларни ер масаласи кўп қийнаётгани, бу борада кўплаб мурожаатлар бўлаётгани кўрсатиб ўтилди.
Йиғилишда жойларда инфратузилмани яхшилаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Ривожланишдан орқада қолаётган 22 та туман учун инвестиция дастури доирасида 264 миллиард сўм, бошқа ҳудудлар учун қўшимча 736 миллиард сўм йўналтирилиши қайд этилди.
Иш ўринлари ташкил этиш, тадбиркорлар муаммоларини ҳал қилиш ва уларни қўллаб-қувватлаш борасида ўзибўларчиликка йўл қўйган Бухоро, Жондор ва Сирдарё туман ҳокимларини лавозимидан озод этиш масаласи қўйилди.
Тадбиркорликни ривожлантириш бўйича ҳокимларнинг ҳисоботини маҳаллий кенгашларда муҳокама қилиб, фаолиятига баҳо бериш, шунингдек, 2021 йил учун аниқ режаларни белгилаш муҳимлиги таъкидланди.
Кейингиси
Хизматлар соҳасини ривожлантириш келгуси йилги устувор йўналиш этиб белгиланди
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган видеоселектор йиғилишида ҳудудларда хизматлар ва сервис соҳасини ривожлантиришга қаратилган устувор вазифалар муҳокама қилинди.
24.11.2020