Президент Шавкат Мирзиёев 12 апрель куни Тошкент шаҳрида амалга ошириладиган инвестиция лойиҳалари тақдимоти билан танишди.
Тошкент шаҳрида 2021-2023 йилларда умумий қиймати 10,7 миллиард долларлик 1390 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш ва қарийб 98 мингта иш ўрни яратиш режалаштирилган. Жумладан, жорий йилда жами 4,1 миллиард доллар инвестицияларни ўзлаштириш белгиланган.
Биринчи чоракда пойтахтда 1,8 триллион сўмлик 130 та лойиҳа ишга туширилди ва 2 мингга яқин иш ўрни яратилди. Жумладан, саноат йўналишида 55 та, хизмат кўрсатиш соҳасида 63 та, уй-жой қурилишида 12 лойиҳа амалга оширилди.
Тақдимотда йил якунига қадар амалга оширилиши мўлжалланган лойиҳалар тўғрисида маълумот берилди. Мисол учун, Мирзо Улуғбек туманида йилига 110 минг тонна металлдан қуйма пўлат, арматура, угольник, швеллер каби қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи корхона ташкил этилади ва 200 та янги иш ўрни яратилади.
Йил якунига қадар қиймати 30 триллион сўмдан зиёд 847 та лойиҳани амалга ошириш ва қарийб 36 мингта иш ўрни яратиш кўзда тутилган.
Бундан ташқари, Тошкент шаҳрида 2021-2023 йилларда 3 миллиард долларлик экспорт режалаштирилган. Жорий йилнинг ўзида умумий қиймати 800 миллион доллардан зиёд бўлган саноат маҳсулотлари, қарийб 70 миллион долларлик мева-сабзавотни экспорт қилиш кутилмоқда.
Давлатимиз раҳбари режалаштирилган кўрсаткичлар билан чегараланмасдан, қўшимча лойиҳаларни кўпайтириш, экспорт таркибини диверсификация қилиш ва ҳажмини ошириш бўйича кўрсатмалар берди.
Тақдимотда, шунингдек, Андижон шаҳри яқинида қурилиши режалаштирилган “Янги Андижон” турар жой массивининг бош режаси ҳақида ҳам маълумот берилди.
Андижон - мамлакатимизда аҳоли энг зич жойлашган шаҳарлардан. Шаҳарнинг ўзида ривожланиш учун бўш жой йўқ.
Умумий майдони қарийб 4 минг гектар бўлган янги шаҳарнинг бош режасига кўра, у 1439 гектар турли қурилмалар, яъни уй-жой, савдо масканлари ва кичик саноат зонаси, 1820 гектар яшил ҳудуд, 223 гектарлик хизмат кўрсатиш ҳудуди ва 499 гектар йўллардан иборат бўлади.
Энг муҳими, бу массив аҳоли уйлари бўлмаган, қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган бўш майдонда барпо этилади. Турар жой массиви қурилиши натижасида 411 минг нафар аҳоли яшаши мумкин бўлган янги шаҳарча пайдо бўлади.
Президент лойиҳа билан танишиб, уй-жойларни пухта ва сифатли лойиҳалаштириш, уни амалга оширишда маҳаллий мутахассисларнинг салоҳиятидан унумли фойдаланиш, унда имкон қадар кўпроқ яшил ҳудудлар, боғ ва хиёбонлар ташкил этилишини, аҳолининг дам олиши ва меҳнат қилиши учун қулай шароитларни назарда тутиш бўйича топшириқлар берди.
Олдингиси
Ўзбекистон Президенти Покистон Бош вазири билан онлайн-учрашув ўтказади
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Имрон Хон 14 апрель куни видеоанжуман шаклида учрашув ўтказадилар.
12.04.2021Кейингиси
Ёшлар сиёсатига оид вазифалар ижроси таҳлил қилинди
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 13 апрель куни ёшлар бандлигини таъминлаш ва бўш вақтини мазмунли ташкил этиш борасида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
14.04.2021