Кадастр соҳасидаги ишлар таҳлил қилинди

Президент Шавкат Мирзиёев 21 декабрь куни ер ҳисоби ва давлат кадастрларини шакллантириш, соҳага рақамли технологияларни жорий этиш масалалари юзасидан йиғилиш ўтказди.

Мамлакатимизда ерни асраб-авайлаш, адолатли ажратиш ва ундан оқилона фойдаланиш бўйича тизимли ишлар қилинмоқда. Жорий йилда қишлоқ ерларини очиқ танлов асосида ажратиш, қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган жойларни аукцион асосида хусусийлаштириш тўғрисида қонун қабул қилинди.

 2020 йил 7 сентябрда “Ер ҳисоби ва давлат кадастрларини юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” Президент фармони имзоланган эди. Унга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузурида Кадастр агентлиги ташкил этилди. Фармонда кўплаб янгиликлар қатори давлат кадастрлари объектларини хатловдан ўтказиш ва Миллий геоахборот тизимига киритиш вазифаси ҳам белгиланганди. 

Шундай қилиб, Ўзбекистон тарихида илк бор қишлоқ хўжалиги ерлари ялпи хатловдан ўтказилмоқда. Бугунги кунгача 23 миллион гектар қишлоқ ерларининг электрон хариталари яратилди. Шундан, 22 миллион гектари давлат рўйхатидан ўтказилди.

Илгари ҳисобга олинмаган 412 мингта кўчмас мулк кадастр базасига киритилди, 478 мингта объектда қўшимча қурилмалар аниқланиб, кадастр баҳоси қайта кўриб чиқилди.

Шу билан бирга, хатловда кўплаб хатоликлар ҳам юзага чиқмоқда. Мисол учун, электрон ҳисобга олинаётган қишлоқ хўжалиги ерлари қоғозда юритиб келинган Ер фонди ҳисоботи билан фарқ қилмоқда.

Бундан ташқари, йўл, электр, газ таъминоти, сув хўжалиги, ободонлаштириш объектлари, кўп қаватли уйларга туташ ҳудудлар кадастрида ҳам кўплаб муаммолар мавжуд.

Булар қилинадиган ишлар ҳали кўплигини кўрсатади.

Шу боис йиғилишда галдаги муҳим вазифалар белгиланди.

Аввало, қишлоқ хўжалиги ерларини ҳисобга олиш ишларини келгуси йил 1 апрелгача якунлаш муҳимлиги таъкидланди. Бунинг учун қишлоқ хўжалиги ер балансидаги 2 миллион 700 минг гектар майдоннинг тоифасини аниқлаш зарур.

Келгуси йилда аҳолига ижарага бериладиган 80 минг гектар ерни давлат рўйхатидан ўтказиб, кейин танловга чиқариш вазифаси қўйилди.

Ҳудудларда қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар ҳам кўпки, улардан ҳам самарали фойдаланиш зарур. Масалан, ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси тасарруфида 10 миллион гектардан зиёд, сув хўжалиги вазирлиги тизимида 820 минг гектар, автомобиль йўллари атрофида 450 минг гектар ер бор. Шунингдек, 3 миллион 300 минг гектар ер ҳокимликлар захирасида турибди.

Давлатимиз раҳбари бу ерларнинг электрон харитасини тузиш ва давлат мулки сифатида рўйхатдан ўтказиш кераклигини таъкидлади.

Ички йўллар ва кўп қаватли уйларга туташ ҳудудларни доимий фойдаланишга ажратиш мумкинлиги қайд этилди.

Яна бир муаммо – ер балансида аҳоли яшаш майдонлари 223 минг гектар бўлса-да, амалда 1 миллион гектардан ошиб кетган. Шу боис, бундай кўчмас мулк объектларини хатловдан ўтказиб, унинг натижаси бўйича электрон харита тузиш ҳамда аҳоли учун очиқ онлайн платформага жойлаштириш вазифаси қўйилди.

Кадастр идораларининг шароитларини яхшилаш, ускуналарини янгилаш бўйича ҳам топшириқлар берилди.

Манба