Корхоналарда халқаро стандартлар манзилли жорий қилинади

 

Президент Шавкат Мирзиёев 28 сентябрь куни техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, сертификатлаш ва метрология тизимидаги ислоҳотлар натижадорлиги муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказди.

Маҳсулотлар сифати ва рақобатдошлигини ошириш учун миллий стандартларни жаҳон талабларига мослаштириш ҳамда корхоналарга жорий қилиш жуда муҳим ҳисобланади. Сўнгги йилларда мамлакатимизда стандартларнинг 43 фоизи халқаро меъёрлар билан уйғунлаштирилиб, уларнинг сони 12 мингтага етказилди. Бундай ишлар натижасида экспорт имкониятлари кенгаймоқда. 

Мисол учун, 21 та корхонада тўқимачилик ва трикотаж товарларига Европанинг “OEKO-Tex” ва “Sedex” стандартлари жорий қилинди. Жумладан, Андижондаги “Samo Textile” Европа бозорларига 5 миллион долларлик маҳсулот билан чиқди. Бухородаги “Bukhara Cotton Textile” МЧЖ ҳам АҚШ, Германия, Буюк Британия ва Туркияга 5 миллион долларлик экспорт қилди.

Шунингдек, маиший техника, кабель, тиббиёт буюмлари ишлаб чиқарувчи корхоналарда 17 турдаги маҳсулот хавфсизлигини тасдиқловчи машҳур “CE” маркировкаси жорий этилгани натижасида Европанинг 8 та давлатига экспорт бошланди.

Бу борадаги ишлар изчил давом эттирилмоқда. Йил охиригача озиқ-овқат, металлургия, енгил саноат бўйича 14 та лаборатория модернизацияси якунланади.

Йиғилишда шу пайтгача бажарилган ишлар натижадорлиги таҳлил қилиниб, галдаги муҳим масалалар кўриб чиқилди.

Давлатимиз раҳбари “Ўзстандарт” агентлигини миллий орган мақомига олиб чиқиш, корхоналарда янги стандартларни манзилли жорий қилиш асосий вазифа эканини таъкидлади.

– Миллий стандарт “овози жаранглаши”га эришишимиз керак, – деди Шавкат Мирзиёев.

Келгуси йил якунига қадар халқаро стандартлар сонини 14 мингтага, уйғунлик даражасини 50 фоизга етказиш вазифаси белгиланди.

Мутасадди вазирлик ва уюшмаларга тўқимачилик корхоналарида “OEKO-Tex” меъёри, электр техникаси тармоғида “СЕ” маркировкаси ҳамда қишлоқ хўжалигида “Global G.A.P.” ва “Organic” тизимларини қўллашни кенгайтириш бўйича топшириқлар берилди. Халқаро стандартларни татбиқ қилаётган корхоналарга кўмаклашиб, бунга кетадиган харажатнинг бир қисмини Экспортни пағбатлантириш агентлиги томонидан қоплаб бериш муҳимлиги таъкидланди.

– Агар маҳсулот халқаро сертификатга эга бўлмаса, у ҳеч қачон рақобатбардош бўла олмайди. Мамлакатда ҳар бир тадбиркор стандартни билиши, таниши керак, шундай муҳит яратиш зарур, – дея таъкидлади Президент.

“Ўзстандарт” агентлигига автомобиль компонентлари, кимё, озиқ-овқат, қурилиш материаллари тармоқларида халқаро стандартларни жорий этиш бўйича 2021 йилга мўлжалланган “йўл хариталари” ишлаб чиқиш топширилди.

Дунёда завод ва фабрикалар ўз маҳсулотларини бозор талаблари асосида такомиллаштириб боради. Шу тажрибадан келиб чиқиб, ишлаб чиқарувчилар имкониятини чеклаётган меъёрларни ихтиёрийга ўтказиш кераклиги қайд этилди.

5 мингдан зиёд эски стандартларни бекор қилиш, маҳсулотлар хавфсизлигини таъминлаш техник регламентларини Европа ва Евроосиё иқтисодий иттифоқи талабларига мослаштириш бўйича кўрсатмалар берилди. Шу билан бирга, сифатсиз импорт товарлар кириб келишининг олдини олиш мақсадида хавфсизлик талаблари сони ва қамрови оширилади.

Йиғилишда Президент “Ўзстандарт” агентлигининг халқаро стандартлаш ва метрология ташкилотларидаги иштирокини фаоллаштириш муҳимлигини таъкидлади.

Мазкур агентликка Европа иқтисодий комиссияси техник қўмитаси билан қуритилган мевалар бўйича келишувга эришиш, келгуси йилда Халқаро аккредитация форумига тўлақонли аъзо бўлиш вазифаси қўйилди.

Соҳага доир илм-фан ва таълимни ривожлантириш масалаларига ҳам эътибор қаратилди. Келгуси йилдан Тошкент давлат техника университети билан энергия самарадорлиги, Кимё-технология институти билан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари генетикаси, Тўқимачилик институти билан синтетик толалар, Илғор технологиялар маркази билан ҳамкорликда биологик фаол қўшимчалар йўналишида илмий тадқиқотлар олиб бориш муҳимлиги айтилди.

Шунингдек, Ўзбекистон миллий метрология институтида қурилиш материаллари, сув тежовчи ҳамда ахборот технологиялари бўйича кафедралар ташкил этилиши белгиланди. Инновацион ривожланиш вазирлиги илмий ишланмаларга грантлар ажратади.

Йиғилишда “Ўзстандарт” агентлиги томонидан амалга оширилаётган ишлар ва келгуси режалар юзасидан тақдимот ўтказилди.  

Manba