Косон туманида саноат ривожланмоқда

Давлатимиз раҳбари Косон туманидаги “Бунёдкор” пахта-тўқимачилик кластерининг ишлаб чиқариш корхоналарини бориб кўрди.

Бу ерда давлатимиз раҳбарининг кластер ғояси асосида пахта етиштириш ва уни чуқур қайта ишлашнинг тўлиқ саноат «занжири» яратилган. Биринчи лойиҳа доирасида қарийб 21 миллиард сўмлик инвестиция ўзлаштирилиб, замонавий тикувчилик фабрикаси ташкил этилган.

Туркия ва Италиядан келтирилган ускуналар билан жиҳозланган мазкур корхона йилига 6 миллион дона тайёр трикотаж ишлаб чиқариш қувватига эга. Даромад жиҳатидан айтганда, қарийб 100 миллиард сўмлик юқори сифатли кийим-кечаклар тикилиб,  2 миллион долларликдан зиёд тайёр маҳсулот экспорт қилиниши режалаштирилган.

Айни пайтда фабрикада 320 нафар хотин-қизлар ишламоқда. Президент улар билан суҳбатлашиб, ишларига муваффақият тилади.

Кластерга қарашли калава ип йигириш ва мато тўқиш қувватлари жорий йил июлда, ёғ-мой ишлаб чиқариш корхонаси декабрда фойдаланишга топширилади. Уларда яна 700 га яқин иш ўрни ташкил топади.

Давлатимиз раҳбари шу ерда соҳа мутахассислари, пахта-тўқимачилик кластерлари раҳбарлари билан суҳбатлашди.

- Биз ҳозирги кластер тизими билан енгил босқични қиволдик. Энди сифат, нарх, бозор нуқтаи назаридан йўл очиқ. Шунинг учун кластерларимизнинг чет элларга хизмат сафарлари, кўргазмаларини ташкил этиш керак, - деди Президент.

Тўқимачилик корхоналарини барқарор хомашё билан таъминлаш учун пахта ҳосилдорлигини ошириш, сунъий тола ишлаб чиқариб, самарали фойдаланиш бўйича тавсиялар берилди.

Манба