Қозоғистоннинг Биринчи Президенти билан телефон орқали мулоқот бўлиб ўтди

24 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон Республикасининг Биринчи Президенти – Элбоши Нурсултон Назарбоев телефон орқали мулоқот қилдилар.

Суҳбат аввалида Нурсултон Назарбоев давлатимиз раҳбарини таваллуд куни билан самимий табриклаб, Ўзбекистон Президентининг қардош мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларида юксак даражага эришишдаги шахсий ҳиссасини алоҳида қайд этди.

Президент Шавкат Мирзиёев, ўз навбатида, табрик ва эзгу тилаклар, шунингдек, кўп қиррали Ўзбекистон-Қозоғистон ҳамкорлигининг ривожланиши ва мустаҳкамланишини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаётгани учун Нурсултон Назарбоевга миннатдорлик билдирди.

Кейинги йилларда икки мамлакат ўртасида товар айирбошлаш ҳажми бир неча карра ортди, устувор йўналишларда истиқболли кооперация лойиҳалари амалга оширилмоқда, транспорт ва транзит коммуникациялари соҳасидаги ҳамкорлик кенгаймоқда.

Ҳамкорликнинг янги жиҳати – ҳудудлараро алмашинувлар йўлга қўйилди. Ишбилармонлик алоқалари фаоллашди. Ўзбекистонда Қозоғистон йили доирасида қардош халқларимиз дўстлиги ва яхши қўшничилигини мустаҳкамлашга хизмат қилаётган биргаликдаги тадбирлар ўтказилмоқда.

Мулоқот чоғида икки томонлама ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар кўриб чиқилди.

Олий даражада эришилган келишувларни, жумладан, Ўзбекистон ва Қозоғистон Бош вазирлари раислигидаги қўшма Ҳукуматлараро комиссия фаолияти доирасида амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Манба