“Маҳсулот қачон арзон бўлади? Шароит яратсак” – Президент Бектемир туманига келди

Пандемия туфайли вақтинча тўхтаб қолган корхоналар ўз фаолиятини тиклай бошлади. Лекин улар яна тўлиқ қувватга чиқиши учун вақт ва рағбат зарур. Президент Шавкат Мирзиёевнинг қатор фармонлари ва видеоселектор йиғилишларида бу борада аниқ вазифалар белгиланиб, изчил амалга оширилмоқда.

Давлатимиз раҳбари бугун Тошкент шаҳрининг Бектемир туманига сафарини бошлаб, бу ерда бажарилаётган ишлар, саноат корхоналари фаолияти билан танишмоқда.

Президент дастлаб “Бектемир металл конструкциялари” масъулияти чекланган жамият заводига борди.

Лойиҳанинг умумий қиймати 48 миллион доллар бўлиб, 2018 йилда ишга туширилган. Корхона йилига 65 минг тонна рухланган металл, 1 600 километр йўл тўсиқлари, 130 минг тонна пайвандланган қувур ва 17 минг дона ёритиш устуни ишлаб чиқариш қувватига эга.

Металл конструкцияларини иссиқ ҳароратда рухлаш Италиянинг Bisol S.p.A. ускунасида, халқаро меъёрлар ва сифат стандартлари даражасида амалга оширилмоқда. Бундай маҳсулотлар чидамлилиги, кўримлилиги ва ўрнатиш жараёнида қулайлиги билан афзал. Шунингдек, бу ерда Хитой, Жанубий Кореядан келтирилган замонавий технологиялар ўрнатилган.

Корхонада жами 375 нафар муҳандис ва ишчи  меҳнат қилмоқда.

Президентимиз ишлаб чиқариш жараёнини кўздан кечириб, мутасаддиларга қўшимча кўрсатмалар берди.

- Бу технологиялар ҳам, маҳсулотлар ҳам яхши. Лекин ҳар дам ривожланишни ўйлаш керак. Арзон, хавфсиз ва сифатли конструкциялар ишлаб чиқариб, корхонанинг қурилиш индустриясидаги ўрнини кенгайтириш зарур. Маҳсулот қачон арзон бўлади? Шароит яратсак, - деди Шавкат Мирзиёев.

Бунга эришиш учун лойиҳалаштирувчи гуруҳ тузиш, Европа мамлакатлари, хусусан, Германия тажрибаси асосида корхонани саноат кластерига айлантириш муҳимлиги таъкидланди.

Малакали мутахассислар тайёрлаш бўйича топшириқлар берилди.

Давлатимиз раҳбарининг Бектемир туманига сафари давом этмоқда.

Манба