Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Президенти Олий Мажлис Сенатининг биринчи мажлисида ўз нутқида парламент юқори палатаси фаолияти ва сенаторлар мактабини шакллантириш борасида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирган эди.
2020 йилнинг 4 февраль куни Олий Мажлиснинг юқори палатасида “Сенаторлар мактаби” ўз ишини бошлади.
Сенат Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев сенаторларга биринчи ўқув машғулоти доирасида демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва мамлакатни модернизация қилишда парламентнинг ролини кучайтиришга қаратилган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, парламент фаолиятининг ҳуқуқий асослари ва асосий йўналишлари ҳақида маъруза қилди.
Шунингдек, тизимли равишда фаолият кўрсатадиган “Сенаторлар мактаби” доирасида 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси моҳияти ва уни амалга оширишда парламент ўрни, маҳаллий Кенгашлар билан ҳамкорликни кучайтириш, уларнинг фаолиятига амалий ва услубий кўмаклашиш, Ўзбекистон ташқи сиёсатининг асосий йўналишлари, унда парламентнинг роли ва парламентлараро муносабатлар, Сенатнинг Давлат бюджетини шакллантириш ва қабул қилиш, ижросини назорат қилишдаги ўрни, янги солиқ концепциясининг асосий жиҳатлари, унинг мамлакатимиз иқтисодиёти ривожланишидаги аҳамияти ҳамда қонун ижодкорлиги – қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ва қонунларни кўриб чиқишда Сенатнинг иштироки масалалари бўйича сенаторлар учун ўқув машғулотлари ўтказиш назарда тутилган.