Ўзбекистон ҳукумати делегацияси Афғонистонда Ўзбек тили кунини нишонлашда иштирок этди

Жорий йилнинг 20 октябрь куни Афғонистон Ислом Республикасига ташрифи доирасида Бош вазир ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков раҳбарлигидаги Ўзбекистон Республикаси ҳукумати делегацияси Қобул шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбек тили кунини нишонлашда иштирок этди.

Афғонистон томонидан тадбирда Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Ашраф Ғани ҳамда мамлакатнинг олий раҳбарияти иштирок этди.

Тадбир давомида жаҳон цивилизацияси ривожига улкан ҳисса қўшган икки мамлакат халқларининг умумий аждодларининг маданий меросини асраб-авайлашга катта эътибор қаратгани учун Ўзбекистон ҳукумати номидан дўст бўлган Афғонистон ҳукумати ва халқига чуқур миннатдорчилик билдирилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг табриги ўқиб эшиттирилди, унда ўзбек ва афғон халқларининг тарихий тараққиёти ягона илмий ва маданий макон ва замонда рўй берганлиги маданият ва анъаналарнинг яқинлигини сақлаб қолиш, шунингдек, икки мамлакат ўртасида мустаҳкам дўстона муносабатларнинг шаклланиши учун шарт-шароитлар вужудга келишига имкон бергани алоҳида таъкидланди. Шунингдек, Ўзбекистон-Афғонистон муносабатлари ривожида муҳим қадам бўлган ушбу тадбир келгусидаги маданий, илмий ва гуманитар ҳамкорликни фаоллаштириш учун кучли рағбатлантирувчи омил бўлишига қаратилганлигини таъкидладилар.

Тадбирда Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Ашраф Ғани ва Афғонистон жамоатчилиги аъзолари ҳам сўзга чиқдилар.

Қайд этиш керакки, Афғонистонда 21 октябрь – расмий жиҳатдан байрам куни - Ўзбек тили куни деб эълон қилинган. Афғонистон Конституциясига мамлакатнинг расмий тилларидан бири сифатида киритилган ўзбек тили Афғонистоннинг 10 вилоятида кенг тарқалган ва йилдан-йилга оммалашиб бормоқда. Афғонистонда ўзбек тилида бир нечта теле- ва ўнлаб радиоканаллар ҳам эфирга узатилади.

Манба