Халқаро конгресс марказида 8 март – Халқаро хотин-қизлар кунига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этиб, мамлакатимиз аёлларига табрик йўллади.
– Бугун ҳар биримиз чексиз миннатдорлик ҳисси билан Яратганнинг буюк мўъжизаси бўлган аёл зотига – меҳрибон оналаримиз, қадрли опа-сингилларимиз, лобар қизларимиз шаънига энг гўзал сўзларни айтишимиз табиийдир. Биз сизларни энг аввало фидойилик тимсоли деб биламиз. Меҳридарё қалбингиз, ақл-заковатингиз, севги ва садоқатингиз учун сизлардан бир умр қарздормиз, – деди давлатимиз раҳбари.
Ҳақиқатан ҳам, барча соҳаларда хотин-қизларнинг алоҳида ўрни бор. Бугунги кунда аёлларимизнинг улуши тиббиётда – 77 фоизни, таълим соҳасида – 74 фоизни, иқтисодиёт ва саноат тармоқларида эса 46 фоизни ташкил этмоқда. 2 минг нафарга яқини давлат ва жамоат ташкилотларида раҳбарлик лавозимларида хизмат қилмоқда.
Агар 2017 йилда хотин-қизларнинг бошқарув соҳасидаги улуши 27 фоиз бўлган бўлса, бугунги кунда 33 фоизга, сиёсий партиялар сафида 40 фоиздан 47 фоизга, тадбиркорликда 21 фоиздан 37 фоизга етган.
Халқимиз олдидаги муносиб хизматлари учун аёллардан 17 нафари энг олий мукофот – “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони билан тақдирланган. Хотин-қизларимиз орасида 5 нафар академик, олий таълим муассасаларининг ўзида 700 нафардан зиёд фан доктори, қарийб 3 минг нафар фан номзоди, шунингдек, фахрий унвонларга сазовор бўлганлар бор.
Мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳаёт ва меҳнат шароитларини яхшилашга устувор аҳамият қаратилмоқда. Шу мақсадда ўтган йили 872 мингдан ортиқ хотин-қизларнинг бандлиги таъминлангани, 250 мингдан зиёди меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касб-ҳунарлар ва тадбиркорликка ўқитилгани қайд этилди.
Ўтган йили 14 мингга яқин аёлнинг уй-жой шароити яхшиланган. “Аёллар дафтари” доирасида салкам 642 минг нафар хотин-қизга амалий ёрдам кўрсатилган.
Президент қизларнинг сифатли таълим олишига тўхталар экан, жадид бобомиз Абдурауф Фитратнинг “Оналар – бутун башариятнинг тарбиячиларидир” деган сўзларини ёдга олди.
Сўнгги йилларда бу борадаги шароитлар изчил кенгайтирилди. Агар бундан 6 йил аввал олийгоҳларда 110 минг нафар хотин-қиз таҳсил олган бўлса, ҳозирги кунда бу рақам қарийб 500 минг нафарни ташкил этмоқда.
Янги тартибга мувофиқ, магистратурада ўқиётган 10 мингдан ортиқ талаба қизларнинг контракт пуллари давлат томонидан тўлаб берилди. 65 мингдан кўпроқ талаба хотин-қизларга фоизсиз таълим кредити ажратилди. Эҳтиёжманд оилаларда яшаётган қарийб 2 минг нафар қизлар, шунингдек, мутахассислиги бўйича беш йиллик меҳнат стажига эга бўлган 500 нафардан ортиқ хотин-қизлар олийгоҳларга алоҳида квота асосида ўқишга қабул қилинди.
– Қандай қонун ва қарорларни қабул қилмайлик, қандай ислоҳотларни ҳаётга жорий этмайлик, давлат раҳбари сифатида менинг кўз ўнгимда аввало мунис оналаримиз, меҳрибон опа-сингилларимиз сиймоси, уларнинг дарду ташвишлари туради. Сиз, азизларимнинг оила даврасида тинч-омон, соғ-саломат, фаровон ва бахтли турмуш кечиришингиз, жамият ҳаётида фаол иштирок этишингиз учун хизмат қилишни мен ўзим учун нафақат асосий вазифа, балки шарафли бурч, деб биламан. Чунки оила таянчи, жамият устуни бўлган оналаримиз, аёлларимиз ҳаётдан рози бўлса, бутун халқимиз ҳаётдан рози бўлади. Халқ рози бўлса, Яратганимиз ҳам биздан рози бўлади, – дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 6 мартдаги фармонига мувофиқ бир гуруҳ хотин-қизлар юксак унвон, орден ва медаллар билан, Президент қарорига биноан эса 28 нафар қиз Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланган эди. Тадбирда ана шу юксак мукофотлар тантанали равишда топширилди.
Мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан ташриф буюрган хотин-қизлар, турли вазирлик ва идоралар ходимлари файзли дастурхон атрофида байрамни нишонлади.
Шодиёнада чет эллик дипломат аёллар, халқаро ташкилотлар ваколатхоналари вакиллари ҳам иштирок этди. Давлатимиз раҳбари уларни ҳам самимий табриклади.
Байрам тантанали концерт дастури билан якунланди.
Олдингиси
Ўзбекистон Президенти Жаҳон банки билан стратегик шерикликни кенгайтириш муҳимлигини қайд этди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 9 март куни Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё минтақаси бўйича вице-президенти Анна Бьерде бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
09.03.2023Кейингиси
Ўзбекистон Президенти ОИИБ билан кенг кўламли ҳамкорликнинг асосий йўналишларини белгилаб берди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 9 март куни Осиё инфратузилмавий инвестициялар банкининг ушбу нуфузли молиявий институт президенти Цзинь Лицюнь бошчилигидаги делегациясини қабул қилди.
09.03.2023