Ўзбекистон Президенти БМТ тузилмалари билан инсон ҳуқуқлари соҳасидаги конструктив ҳамкорликни янада кенгайтириш муҳимлигини қайд этди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 15 март куни БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Фолькер Туркни қабул қилди.

Инсон манфаатларини илгари суриш ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалаларида Ўзбекистон билан БМТ тузилмалари ўртасидаги конструктив мулоқот ва амалий ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

Давлатимиз раҳбари кейинги йилларда БМТ билан ушбу соҳадаги ҳамкорликда юксак даражага эришилганини мамнуният билан қайд этиб, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Барқарор ривожланиш мақсадларига тўлиқ ҳамоҳанг бўлган Ўзбекистондаги ислоҳотлар стратегиясининг бош устувор йўналиши эканини таъкидлади.

БМТ Олий комиссари Ўзбекистоннинг болалар ва мажбурий меҳнатга барҳам бериш, гендер тенгликни илгари суриш, суд идораларининг мустақиллигини ва қонун устуворлигини таъминлаш борасидаги муваффақиятларини юқори баҳолади.

Умумжаҳон инсон ҳуқуқлари декларациясининг 75 йиллигида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастури қабул қилингани, мамлакатимиз БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини ратификация қилгани, қийноқларнинг олдини олиш бўйича фуқаролик жамияти институтлари иштирокидаги превентив механизм яратилгани, шунингдек, можаролар ҳудудларидан хотин-қизлар ва болалар ўз юртига қайтарилгани, улар қайта ижтимоий интеграциялашуви учун барча зарур шароитлар яратилгани алоҳида қайд этилди.

Ўзбекистон БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига 2021-2023 йиллар даврига сайлангани ҳамда мамлакатимиз томонидан илгари сурилган ташаббуслар асосида ёшлар ҳуқуқларига оид Кенгашнинг қатор резолюциялари қабул қилингани инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасидаги ютуқларнинг кенг эътирофи бўлди.

Олий комиссар БМТ тузилмаларининг Ўзбекистондаги ортга қайтмас ислоҳотларни қўллаб-қувватлашни давом эттириш нияти қатъий эканини тасдиқлади. Инсон ҳуқуқларини мониторинг қилишда фуқаролик жамияти институтларининг ролини кучайтириш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ва пенитенциар муассасалар ходимларини ўқитиш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга оширишга тайёрлигини билдирди.

Учрашув якунида конструктив мулоқотни янада мустаҳкамлаш ва амалий ҳамкорликни кенгайтириш, шу жумладан қўшма дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан келишувга эришилди.

Манба