Ўзбекистон Президенти Эрон Президенти билан амалий ҳамкорликни кенгайтириш йўлларини муҳокама қилди

Душанбе шаҳрига ташрифнинг биринчи кунги дастури доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Эрон Ислом Республикаси Президенти Иброҳим Раисий билан учрашув ўтказди.

Суҳбат аввалида давлатимиз раҳбари Эрон Президентини юксак давлат лавозимига сайлангани билан яна бир бор самимий қутлаб, масъулиятли фаолиятига катта муваффақиятлар тилади.

Амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Жорий йил бошидан ўзаро савдо кўрсаткичлари изчил ўсиб бораётгани кузатилмоқда. Қишлоқ хўжалиги, паррандачилик, балиқчилик, озиқ-овқат саноати ва бошқа тармоқларда бизнес лойиҳалари муваффақиятли амалга оширилмоқда.

Савдо-иқтисодий алоқалар суръатини давом эттириш ва янги “ўсиш нуқталари”ни аниқлаш мақсадида қўшма Ҳукуматлараро комиссия ишини фаоллаштиришга келишиб олинди.

Бундан ташқари, “йўл харита”си асосида саноат кооперациясини кучайтириш истиқболлари ҳамда икки мамлакат транзит салоҳиятини самарали ишга солиш имкониятлари ваколатли идоралар даражасида пухта ўрганилади.

Давлат раҳбарлари минтақа кун тартибидаги масалаларни, шу жумладан Афғонистонда вужудга келаётган вазиятдан келиб чиққан ҳолда кўриб чиқдилар.

Манба