Ўзбекистон Президенти Корея Республикаси билан кенг кўламли шерикликни кенгайтириш муҳимлигини таъкидлади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 1 июнь куни расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлиб турган Корея Республикаси ташқи ишлар вазири Пак Чин бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Ўзбекистон билан Жанубий Корея ўртасидаги дўстлик ва алоҳида стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, кенг кўламли ҳамкорликни, энг аввало, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва молиявий-техник соҳаларда кенгайтиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

Учрашув аввалида ташқи ишлар вазири Пак Чин мамлакатимиз етакчисига Корея Республикаси Президенти Юн Сок Ёлнинг самимий саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.

Суҳбатда дўст халқларимизни чуқур тарихий ришталар, ўхшаш менталитет, анъаналар ва маънавий қадриятлар боғлаб тургани алоҳида таъкидланди.

Ҳар доимгидек яқин ва конструктив сиёсий мулоқотни, халқаро ташкилотлар, шу жумладан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва Жаҳон савдо ташкилоти доирасидаги ўзаро кўмакни давом эттириш муҳимлиги қайд этилди.

Халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар ҳам кўриб чиқилди.

Президентимиз икки томонлама иқтисодий ҳамкорлик масалаларига алоҳида тўхталди.

Ўтган йили Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасидаги товар алмашинуви 24 фоизга ошди. Корея компанияларидан ўзлаштирилган инвестициялар ҳажми 7 миллиард доллардан ортди.

Умумий қиймати 5 миллиард доллар бўлган истиқболли лойиҳалар портфели “яшил” энергетика, рақамли технологиялар, машинасозлик, кимё саноати, электротехника ва тўқимачилик тармоқлари, инфратузилмавий ривожланиш, шаҳарсозлик ва кўплаб бошқа йўналишларни қамраб олади.

Мамлакатимиз Ўзбекистоннинг муҳим инвестициявий ва технологик ҳамкорлари бўлган Жанубий Корея етакчи компаниялари билан кооперация алоқаларини кучайтиришдан манфаатдор экани таъкидланди.

Катта ёшдагилар учун тўртинчи даражали кўп тармоқли шифохона, онкология клиникаси, фармацевтика кластери ва тиббиёт йўналишидаги олий таълим муассасасини барпо этиш бўйича ижтимоий ва стратегик аҳамиятга эга лойиҳаларни жадаллаштириш зарурлиги қайд этилди.

Ярим ўтказгичлар инновацион кластерини барпо этиш ҳамда Нодир металлар ва қотишмалар маркази фаолиятини ривожлантириш устувор вазифалардан бири сифатида белгилаб олинди.

Ўтган йилда Ўзбекистонда истиқомат қилаётганининг 85 йиллигини нишонлаган корейс миллатига мансуб кўп сонли юртдошларимизни янада қўллаб-қувватлаш, шу жумладан Тошкент шаҳридаги Корейс маданияти ва санъати уйи фаолиятини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Манба