22 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишда глобал парламентлараро ҳамкорлик халқаро форумида иштирок этиш учун мамлакатимизда бўлиб турган Парламентлараро иттифоқ Бош котиби Мартин Чунгонгни қабул қилди.
Мамлакатимизнинг ушбу нуфузли халқаро ташкилот билан шериклигини янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Давлатимиз раҳбари ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни илгари суриш ва демократик янгиланишларни чуқурлаштириш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва гендер тенгликни таъминлаш, ёшларни қўллаб-қувватлаш каби устувор йўналишларда конструктив мулоқотни давом эттириш ва яқин ҳамкорликни ривожлантириш муҳимлигини таъкидлади.
Ўзбекистон иттифоқ ишидаги иштирокини 2017 йилда қайта тиклагани ва бугунги кунда унинг ижроия тузилмаларида тўлақонли қатнашаётганини таъкидлаш жоиз. Бу йил Олий Мажлис томонидан Парламентлараро иттифоқ билан кўп қиррали муносабатларни мустаҳкамлаш тўғрисида алоҳида ҳужжат қабул қилинди.
Ўз навбатида, Бош котиб Мартин Чунгонг мамлакатимизда парламентаризмни ривожлантиришдаги сезиларли ютуқларни қайд этди ҳамда
Ўзбекистоннинг бу борадаги глобал ташаббусларини юқори баҳолади ва қўллаб-қувватлади.
Илғор хорижий тажрибани кенг алмашиш ва кўп томонлама ҳамкорликнинг катта салоҳиятини рўёбга чиқариш мақсадида қатор халқаро тадбирларни биргаликда тайёрлаш ва ўтказиш юзасидан келишувга эришилди.