Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 28 май куни мамлакатимизда амалий ташриф билан бўлиб турган Россия Федерацияси соғлиқни сақлаш вазири Михаил Мурашко бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Ўзбекистон билан Россия ўртасида соғлиқни сақлаш соҳасидаги амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Давлатимиз раҳбари бугунги хавф-хатарларлар илғор халқаро тажриба асосида самарали соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш ва замонавий технологияларни жорий этиш нақадар муҳим эканини яна бир бор кўрсатганини алоҳида таъкидлади. Пандемияга қарши курашишда кўрсатилган кўмак, шу жумладан аҳолини эмлашда амалга оширилаётган самарали ҳамкорлик учун миннатдорлик билдирилди.
Устувор йўналишларда, шу жумладан онкология, гематология, вирусология, нефрология, трансплантология, фармакология ва бошқа соҳалардаги қўшма дастур ва аниқ лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди. “Электрон соғлиқни сақлаш” тизимини жорий қилиш ва телемедицинани кенг ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Юқори малакали тиббиёт ходимларини тайёрлаш борасидаги яқин шерикликни давом эттириш, жумладан, Тошкент шаҳрида Россиянинг етакчи Н.И.Пирогов номидаги тиббиёт университети филиалининг фаолиятини тез фурсатда ташкил этиш, шунингдек, Россиянинг етакчи клиникалари негизида врачлар алмашиш ва уларнинг малакасини ошириш дастурларини кенгайтириш юзасидан келишувга эришилди.
Соғлиқни сақлаш вазири Михаил Мурашко мамлакатимизда аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини тубдан яхшилаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларни юксак баҳолаб, Россия ўзбекистонлик шериклар билан соғлиқни сақлаш соҳасидаги кенг кўламли тизимли ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда тиббиётнинг турли соҳаларида замонавий билимлар ва илғор тажриба билан бўлишишга тайёр эканини таъкидлади.
Кейингиси
Ўзбекистон Президенти “Яшил ўсиш ва глобал мақсадлар учун ҳамкорлик – 2030” халқаро саммитида иштирок этди
30 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Иннинг таклифига биноан Сеул шаҳрида видеоанжуман шаклида ўтаётган “Яшил ўсиш ва глобал мақсадлар учун ҳамкорлик – 2030” иккинчи халқаро саммити ишида иштирок этди.
31.05.2021