Ўзбекистон Президенти Туркий давлатлар ташкилоти доирасидаги ташаббусларнинг амалга оширилишини кўриб чиқди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 24 январь куни Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг навбатдаги йиғилиши доирасида Тошкент шаҳрида бўлиб турган Туркий давлатлар ташкилоти Бош котиби Кубаничбек Омуралиевни қабул қилди.

Учрашув чоғида Ўзбекистоннинг Туркий давлатлар ташкилотига раислиги доирасидаги устувор вазифалар ижросининг бориши кўриб чиқилди.

Бош котиб Ташкилот ривожида янги даврни бошлаб берган тарихий Самарқанд саммити натижаларини юксак баҳолади.

Савдони ва божхона тартиботларини соддалаштириш, Инвестиция фондини ташкил этиш бўйича битимлар имзоланди.

Самарқанд “Туркий цивилизация пойтахти”, деб эълон қилинди. Илк бор Алишер Навоий мукофоти топширилди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Халқаро туркий маданият ташкилотининг тўлақонли аъзоси бўлди.

Ўзбекистон ташаббуси билан 2023 йил “Туркий цивилизациянинг юксалиш йили”, деб эълон қилингани мамнуният билан қайд этилди.

Раисликнинг институционал ислоҳотни амалга ошириш “янги иқтисодий имкониятлар макони”ни яратиш, транспорт жиҳатидан ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш ва озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги ҳамкорликни кучайтириш каби устувор йўналишларига алоҳида эътибор қаратилди.

Учрашув якунида Бош котиб Ташкилот доирасидаги шериклик салоҳиятини амалда рўёбга чиқариш мақсадида яқиндан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди.

Манба