Ўзбекистон Президенти Туркий давлатлар ташкилотининг фавқулодда саммитида иштирок этади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг таклифига биноан Туркий давлатлар ташкилотининг фавқулодда саммитида иштирок этиш учун 15-16 март кунлари амалий ташриф билан Анқара шаҳрида бўлади.

Навбатдан ташқари саммитнинг кун тартибига мувофиқ, фавқулодда вазиятларни бошқариш ва гуманитар ёрдам кўрсатиш борасида кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек, табиий офатларнинг олдини олиш ва оқибатларини бартараф этиш бўйича саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш истиқболлари кўриб чиқилади.

Бундан ташқари, саммит давомида халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилади.

Ташриф давомида саммит доирасида қатор икки томонлама учрашувлар ўтказилиши кўзда тутилган.

Таъкидлаш керакки, жорий йилда Туркий давлатлар ташкилотига Ўзбекистон Республикаси раислик қилмоқда. Самарқанд саммитида эришилган келишувларга мувофиқ,  савдо, “яшил” иқтисодиёт, инвестициялар, инновациялар, транспорт, логистика, фан, таълим ва маданий-гуманитар алмашинув соҳаларида ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтиришга қаратилган 30 дан ортиқ кўп томонлама тадбир амалга оширилмоқда.

Манба