Ўзбекистон Президенти ва Қатар Амири икки томонлама ҳамкорликни янги даражага олиб чиқишга келишиб олдилар

Самарқанд шаҳридаги Конгресс марказида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва давлат ташрифи билан мамлакатимизда бўлиб турган Қатар Давлати Амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Сонийнинг музокаралари бўлиб ўтди.

Сиёсий мулоқот ва маданий-гуманитар алмашинувни янада ривожлантириш, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Учрашув аввалида Қатар Амири давлатимиз раҳбарига ташриф билан келиш таклифи ҳамда Қатар делегациясига кўрсатилаётган илиқ ва самимий қабул учун миннатдорлик билдирди.

Дипломатик муносабатлар тарихида биринчиси бўлган ушбу олий даражадаги ташриф икки томонлама ҳамкорликда янги босқични бошлаб бериши ҳамда уни кенг қамровли шериклик даражасига кўтаришга хизмат қилиши қайд этилди.

- Биз Қатарни нафақат Яқин Шарқ минтақасида, балки бутун араб-мусулмон оламида ўзимизнинг истиқболли ҳамкоримиз сифатида биламиз. Сиз билан сўнгги йиллардаги мулоқотларимиз боис муносабатларимизда катта силжиш кузатилмоқда, - деди давлатимиз раҳбари.

Жорий йилда Тошкент шаҳрида Қатар элчихонаси очилгани икки томонлама ҳамкорликни фаол илгари суришда муҳим ўрин тутгани таъкидланди. Қатар томони Доҳада Ўзбекистон элчихонаси очилиши ушбу жараёнга кучли суръат бағишлашига ишонч билдирди.

Томонлар ўзаро савдо кўрсаткичларини бир неча баробарга ошириш, қўшма инвестиция лойиҳалари ва савдо шартномаларини амалга оширишга тайёр эканликларини таъкидладилар.

Қатарнинг етакчи компаниялари энергетика, газ-кимё саноати, қишлоқ хўжалиги, инфратузилма, логистика, туризм ва бошқа тармоқларда умумий қиймати 12 миллиард доллардан зиёд йирик инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда иштирок этиши юзасидан келишувга эришилди.

Истиқболли лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида шу йил сентябрь ойида Ўзбекистон-Қатар инвестиция форумини ўтказиш ҳамда қўшма лойиҳаларни молиялаштириш механизмларини яратиш масаласини кўриб чиқиш таклиф этилди.

Давлат раҳбарлари Марказий Осиёни Кўрфаз мамлакатлари билан боғлайдиган энг қисқа, ишончли ва хавфсиз йўлакларни шакллантириш муҳимлигини қайд этдилар.

Маданият, таълим ва туризм соҳаларидаги алмашинувларни фаоллаштиришга қаратилган саъй-ҳаракатларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга, шу жумладан биргаликда маданият кунлари, концерт дастурлари, кўргазмалар, ҳунармандчилик ва пазандачилик намойишларини ўтказишга келишиб олинди. Мамлакатларимиз пойтахтлари ўртасида йўлга қўйилиши режалаштирилаётган мунтазам авиақатновлар ишбилармонлик алоқалари ва ўзаро сайёҳлар оқимининг ортишига хизмат қилиши таъкидланди.

Глобал ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди. Томонлар Афғонистонга нисбатан прагматик сиёсат юритилиши, мамлакат иқтисодиётини қўллаб-қувватлаш ва афғон халқига инсонпарварлик ёрдами кўрсатилиши муҳимлигини таъкидладилар.

Шу маънода, Трансафғон темир йўлини барпо этиш бўйича стратегик лойиҳани амалга оширишни биргаликда илгари суриш истиқболлари кўриб чиқилди.

Учрашув сўнгида шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний давлатимиз раҳбарини Қатарга ташриф билан келишга таклиф қилди.

Музокаралар конструктив, очиқ ва ишончли руҳда ўтди.

Манба