Ўзбекистон Президенти Венгрия билан ишбилармонлик алоқаларини кенгайтириш учун катта имкониятлар борлигини қайд этди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 20 август куни Будапешт шаҳрига ташрифи доирасида Европанинг етакчи “OTP” банки бошқаруви раиси Шандор Чаньини қабул қилди.

Давлатимиз раҳбари Венгрия ишбилармонлари билан ҳамкорликдаги биринчи йирик лойиҳа муваффақиятли амалга оширилгани – “OTP” банки Ўзбекистон бозорига кирганини алоҳида мамнуният билан таъкидлади.

“Ипотека-банк”ни хусусийлаштириш бўйича битимнинг муваффақияти хорижий инвесторларга муҳим ишора бўлгани ва уларнинг мамлакатимизга қизиқишини оширгани қайд этилди.

Учрашувда Ўзбекистон банк-молия соҳасини ривожлантириш, шу жумладан хизматлар сифатини ошириш, энг аввало, бизнес учун инновацион ва арзон маҳсулотларни жорий этиш борасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Саноат кооперацияси, қишлоқ хўжалиги ва бошқа устувор тармоқлардаги қўшма лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва илгари суришнинг самарали молиявий воситаларини тез фурсатда ишга тушириш муҳимлиги таъкидланди.

Банк раҳбари Шандор Чаньи Венгрия компаниялари ўз инвестициявий фаолиятини кенгайтиришига яратилган қулай шароитлар учун Ўзбекистон етакчисига самимий миннатдорлик билдирди.

Манба