Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 25 май куни Олий Евроосиё иқтисодий кенгашининг ўттизинчи йиғилишида видеоалоқа орқали иштирок этди.
Давлатимиз раҳбари ушбу интеграциявий бирлашма саммитларида Ўзбекистон 2020 йилда кузатувчи мақомини олганидан буён анъанавий равишда иштирок этиб келмоқда.
Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин раислигида ўтган бу галги учрашувда Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко, Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Арманистон Республикаси Бош вазири Никол Пашинян, кузатувчи давлат раҳбари сифатида Куба Республикаси Президенти Мигель Диас-Канель ҳамда Евроосиё иқтисодий комиссияси Ҳайъати раиси Михаил Мясникович қатнашди.
Таклиф этилган давлат раҳбарлари сифатида Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев ва Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон ҳам иштирок этди.
Кун тартибига мувофиқ, кўп томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш, саноат кооперацияси лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, ҳамкорликнинг устувор йўналишларида қўшма дастурларни амалга оширишнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Давлатимиз раҳбари ўз нутқида Ўзбекистон ЕОИИ ҳузуридаги кузатувчи давлат сифатида бирлашма доирасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган тадбирларда фаол иштирок этаётганини қайд этди.
Савдо муносабатларини кенгайтириш учун қулай шарт-шароитларни шакллантириш, янги ўсиш нуқталари ва имкониятларни излаш бўйича биргаликда иш олиб борилмоқда. 2022 йилда Ўзбекистоннинг ЕОИИ мамлакатлари билан товар айирбошлаш ҳажми 23 фоизга кўпайди. Барқарор ўсиш суръати жорий йилда ҳам кузатилмоқда.
Саноат кооперацияси соҳасида кейинги йилларда мамлакатимизнинг устувор тармоқларида юзлаб қўшма лойиҳа ва корхоналар ишга туширилди
Ишбилармонлар мулоқотини рағбатлантириш учун самарали платформалар яратилди. Жорий йилнинг апрель ойида учинчи бор Тошкентда муваффақиятли ўтказилган ва анъанавий тус олган “ИННОПРОМ. Марказий Осиё” халқаро саноат кўргазмаси шулар жумласидан.
Евроосиё иқтисодий комиссияси билан конструктив ҳамкорлик йўлга қўйилди. Уч йиллик Қўшма режа доирасида қонунчиликни халқаро нормаларга уйғунлаштириш, иқтисодиётни тартибга солиш тажрибаси билан алмашиш, савдо-иқтисодий ва транспорт-коммуникация соҳаларида тўсиқларни бартараф этиш бўйича 200 дан зиёд тадбир ўтказилди.
Ўзбекистон савдо тартиботларини соддалаштириш бўйича ҳамда транспорт, қишлоқ хўжалиги, экология ва туризм соҳаларидаги алоҳида дастурлар ва тармоқ лойиҳаларида иштирок этмоқда.
– Глобал хавф-хатарлар, транспорт-логистика занжирларида жиддий узилишлар, озиқ-овқат тақчиллиги ва энергетик хавфсизлик таҳдидлари ва бошқа муаммолар кучайиб бораётгани мамлакатларимиз барқарор ижтимоий-иқтисодий тараққиётининг биринчи галдаги вазифаларини ҳал этиш учун яқин ҳамкорликни янада мувофиқлаштиришни тақозо қилмоқда, – деди Ўзбекистон етакчиси.
Давлатимиз раҳбари мамлакатларимиз ўртасида савдо айланмаси ҳажмини тубдан ошириш учун савдо тартиб-таомилларини соддалаштириш ва зарур шарт-шароитларни яратиш бўйича биргаликдаги ишларни давом эттириш муҳимлигини қайд этди. Техник тўсиқларни бартараф этиш ва сертификатларни ўзаро тан олиш тўғрисидаги битимнинг қабул қилиниши бунга хизмат қилади.
Ўзбекистон Президенти божхона маъмуриятчилиги, санитар, фитосанитар ва ветеринар назорат ҳамда товарларнинг келиб чиқишини сертификатлашнинг электрон платформалари ва онлайн тизимларини интеграция қилиш муҳимлигини кўрсатиб ўтди. Ушбу ташаббусни амалга ошириш механизмларини ишлаб чиқиш учун экспертлар даражасида батафсил маслаҳатлашувлар ўтказиш таклиф қилинди.
– Евроосиё маконида янги иш ўринларини яратиш ва индустриал хабларни шакллантиришнинг муҳим омили сифатида саноат кооперацияси ва маҳаллийлаштиришни кенгайтириш бўйича қўшма чора-тадбирлар кўрилиши лозим, деб ҳисоблаймиз, – деди Президент.
Мамлакатимиз кооперация лойиҳаларини молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича кўп томонлама дастурларда ва ЕОИИ Ишбилармонлар кенгаши фаолиятида иштирок этишдан манфаатдор экани билдирилди.
Муқобил транспорт йўлакларини шакллантириш ва барқарор логистика занжирларини яратиш борасида биргаликдаги ишларни кучайтириш аҳамиятига эътибор қаратиб, Ўзбекистон етакчиси Шимол – Жануб халқаро йўлакларини ва минтақамизни Хитой, Яқин Шарқ ва Жанубий Осиё мамлакатлари билан боғловчи бошқа магистралларни ривожлантириш муҳимлигини таъкидлади.
Давлатимиз раҳбари тариф сиёсати масалаларида яқиндан мувофиқлашув зарурлигини қайд этиб, “Ўзбекистон – Афғонистон - Покистон” темир йўли қурилишини амалга ошириш бўйича Лойиҳа офиси ишига қўшилишга таклиф этди.
Озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасида Ўзбекистон раҳбари қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари импорти ўрнини фаол босишни рағбатлантириш, “яшил” йўлакларнинг тўлақонли ишлашини таъминлаш, қўшма тадқиқотлар ўтказиш ва инновацияларни жорий этишни қўллаб-қувватлаш ҳамда мамлакатларимиз агробизнеси вакиллари ўртасида кооперация алоқаларини ривожлантиришни рағбатлантириш таклифларини илгари сурди.
Шу мақсадда Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги вазирлари, озиқ-овқат маҳсулотларининг етакчи ишлаб чиқарувчилари ва импортчилари иштирокида “ЕОИИ плюс” форматида Аграр форумни ўтказиш ташаббусини билдирди.
Юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш, олий таълим муассасалари ва профессионал таълим марказлари ўртасида шериклик муносабатларини йўлга қўйиш, илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшма лойиҳаларда иштирок этиш имкониятлари қайд этилди. Муҳандислик-техник ихтисосликлар бўйича талаб юқори бўлган кадрларни биргаликда тайёрлаш юзасидан “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш таклиф этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти сўзининг якунида Олий Евроосиё иқтисодий кенгашининг навбатдаги йиғилиши якунлари ЕОИИ мамлакатлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг янги йўналишлари, шакл ва механизмларини ривожлантиришга хизмат қилишига ишонч билдирди.
Олдингиси
Ўзбекистон ва Сингапур Президентлари биргаликда дарахт экдилар
Ўзбекистон-Сингапур саммити якунида “Кўксарой” қароргоҳида дарахт экиш маросими бўлиб ўтди.
24.05.2023