1 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатимизда расмий ташриф билан бўлиб турган Германия федерал ташқи ишлар вазири Анналена Бербок бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Учрашувда Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди.
Икки мамлакат ташқи сиёсий идоралари даражасида сермаҳсул алмашинувларни давом эттириш, биргаликдаги ишбилармонлик ташаббуслари ва бизнес лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш механизмларини самарали ишга солиш, маданий-гуманитар тадбирларни ўтказиш муҳимлиги таъкидланди.
Ўзаро савдо ва инвестиция кўрсаткичлари ўсаётгани мамнуният билан қайд этилди. Жорий йил бошидан товар айирбошлаш 45 фоизга ошди. Жалб этилган инвестициялар ҳажми жорий йил якунига бориб 1 миллиард еврогача бўлади. Хусусан, бугунги кунда Ўзбекистонда Германиянинг 200 дан ортиқ етакчи компаниялари муваффақиятли фаолият юритмоқда.
Бундан ташқари, молиявий-техник ҳамкорлик, шу жумладан «KfW» банки ва Германия халқаро ҳамкорлик жамияти иштирокида кенгайиб бормоқда.
Ташқи сиёсий идора раҳбари Анналена Бербок Янги Ўзбекистондаги демократик янгиланишлар ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар дастури Германия томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётганини яна бир бор қайд этди.
Томонлар “яшил” иқтисодиёт, муқобил энергетика, инновациялар, ресурсни тежовчи ва экологик тоза технологияларни қўллаш, илғор таълим методикаларини жорий қилиш каби устувор йўналишларда амалий ҳамкорликни янада ривожлантиришдан манфаатдор экани таъкидланди.
Олдингиси
Энергияни тежаш бўйича таклифлар кўриб чиқилди
Президент Шавкат Мирзиёев 31 октябрь куни энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди.
31.10.2022Кейингиси
Иссиқхона хўжаликларини қўллаб-қувватлаш чоралари белгиланди
Президент Шавкат Мирзиёев иссиқхона хўжаликларини қўллаб-қувватлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тақдимоти билан танишди.
02.11.2022