Ўзбекистон Республикаси Президенти янги тайинланган элчиларни қабул қилди

Бугун, 24 ноябрь куни хорижий давлатларнинг мамлакатимизга янги тайинланган элчилари томонидан ишонч ёрлиқларини топшириш тантанали маросими бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Корея Республикаси элчиси Ким Хи Санг, Қирғиз Республикаси элчиси Муса Жаманбаев, Жазоир Халқ Демократик Республикаси элчиси Бумедиен Геннад, Қозоғистон Республикаси элчиси Бейбут Атамкулов, Америка Қўшма Штатлари элчиси Жонатан Хэникдан ишонч ёрлиқларини қабул қилиб олди.

Давлатимиз раҳбари янги тайинланган элчиларни самимий қутлаб, Ўзбекистонда дипломатик миссиясини бошлагани билан табриклади.

Мамлакатимизда Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясига мувофиқ кучли демократик ҳуқуқий давлат, эркин фуқаролик жамиятини барпо этишга қаратилган кенг кўламли ва муқаррар тус олган ислоҳотлар амалга оширилаётгани таъкидланди.

Жаҳонда кечаётган мураккаб геосиёсий вазиятда Ўзбекистон ўзаро ишонч ва ҳурмат, манфаатли ҳамкорликка асосланган вазмин ташқи сиёсат юритиб, барча давлатлар билан икки ва кўп томонлама шерикликни мустаҳкамлаб келмоқда. Марказий ва Жанубий Осиё, Европа ва Америка давлатлари, араб-мусулмон мамлакатлари билан алоқалар янги босқичга чиқди.

Нуфузли халқаро ва минтақавий ташкилотлар, глобал молия институтлари билан шериклик кенгайиб бормоқда. Яқинда Самарқанд шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ва Туркий давлатлар ташкилоти саммитлари юқори даражада ўтди.

Мамлакатимизда бозор иқтисодиёти тамойилларини чуқурлаштириш, хусусий секторни фаол қўллаб-қувватлаш, хорижий сармоя ва технологияларни кенг жалб этишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Буларнинг натижасида сўнгги 5 йилда иқтисодиётимиздаги хорижий инвестициялар ҳажми 10 баравар ошиб, 40 миллиард долларга яқинлашди.

– Биз келгуси 10 йилда мамлакатимиз ялпи ички маҳсулоти ҳажмини икки баробарга оширишни мақсад қилиб қўйганмиз, – деди Шавкат Мирзиёев. – Бунинг учун бизда хоҳиш-ирода ҳам, интилиш ва имкониятлар ҳам етарли. Бундай улуғвор марраларга эришиш учун сармоялар ҳажмини келгуси 5 йилда 120 миллиард долларга етказиш, жумладан, камида 70 миллиард доллар хорижий инвестициялар жалб этишни ҳисоб-китоб қилганмиз. Мамлакатимиз эшиклари жаҳон учун, дунё бозорлари эса юртимиз учун очиқ бўлиши керак.

Давлатимиз раҳбари янги элчилар вакиллари бўлган давлатлар билан ҳар томонлама ва узоқ муддатли ҳамкорликнинг истиқболларига алоҳида тўхталиб ўтди.

Корея Республикаси Ўзбекистоннинг Осиё-Тинч океани минтақасидаги асосий савдо-иқтисодий ҳамкорларидан биридир. Давлатлараро муносабатлар алоҳида стратегик шериклик даражасига кўтарилган. Охирги беш йилда мамлакатларимиз ўртасидаги савдо ҳажми икки баробар кўпайган, бу йил эса 30 фоизга ўсиб, 2 миллиард долларга етган.

Корея Республикаси томонидан киритилган инвестициялар ҳажми ва қўшма корхоналар сони ҳам икки баробарга кўпайган. Бугунги кунда ушбу мамлакатнинг етакчи компаниялари иштирокида Ўзбекистонда тўқимачилик, соғлиқни сақлаш, уй-жой қурилиши, геология, фармацевтика, металлургия, автомобилсозлик соҳаларида қиймати 14 миллиард доллардан зиёд бўлган юзга яқин инвестиция лойиҳалари самарали амалга оширилмоқда.

Ахборот технологиялари, давлат бошқаруви, таълим ва тиббиёт соҳаларида ҳам Кореянинг илғор тажрибаси юртимизда кенг татбиқ этилмоқда.

Бу йил мамлакатимизда яшаётган 200 мингдан зиёд корейс диаспораси вакиллари Ўзбекистон заминида истиқомат қила бошлаганининг 85 йиллигини нишонламоқда. Уларнинг жамоатчилик фаолияти давлатларимиз ўртасида ўзига хос дўстлик кўприги бўлаётгани қайд этилди.

2023 йилда Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилиши ва Ўзбекистон-Корея бизнес форуми ўтказилиши режалаштирилган. Ушбу тадбирлардан  ҳамкорликнинг янги йўналишларини топиш ва ривожлантириш учун самарали фойдаланиш зарурлиги таъкидланди.

Қирғизистон элчисига мурожаат қилар экан, давлатимиз раҳбари ўзбек ва қардош қирғиз халқи тарихи ва анъаналари муштарак бўлган яқин қўшнилар эканини қайд этди. Бугун давлатларимиз ўртасида ишон ва ўзаро ҳурматга асосланган конструктив мулоқот қарор топган.  Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаровнинг ўтган йили 11-12 март кунлари Ўзбекистонга давлат ташрифи муносабатларимиз тарихида янги саҳифа очди.

Барча долзарб масалалар ўз вақтида, ҳар икки томон манфаатларини ҳисобга олган ҳолда қардош халқларимизнинг фаровонлиги йўлида ҳал этилмоқда. Айниқса, эришилган келишувлар асосида чегара масалалари ҳал қилингани мисли кўрилмаган умумий ютуғимиз бўлди.

Иқтисодиёт, қишлоқ хўжалиги, энергетика, транспорт, таълим ва маданий-гуманитар жабҳалардаги алоқалар ҳам фаоллашиб бораётир. Йил бошидан буён мамлакатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш кўрсаткичи 30 фоизга ошиб, 1 миллиард долларга етган.

Минтақавий инфратузилма лойиҳалари, жумладан, Қамбар-ота гидроэлектр станцияси ҳамда Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой темир йўли қурилиши бошлангани ҳам дўст халқларимизнинг умумий манфаатларига хизмат қилади.

Ўзбекистон Президентининг келгуси ойда Қирғизистонга бўлажак ташрифи икки томонлама алоқаларни янада мустаҳкамлашига ишонч билдирилди.

Жазоир – араб-мусулмон оламида жадал ривожланиб бораётган мамлакат. Бугунги кунда давлатларимиз ўртасидаги муносабатларнинг мустаҳкам ҳуқуқий асоси яратилмоқда, парламентлараро дўстлик ва ҳамкорлик гуруҳлари самарали фаолият олиб бормоқда.

Мамлакатимиз раҳбари муштарак қадриятлар ва ўзаро ҳурматга асосланган муносабатларга тизимли тус бериш вақти етганини таъкидлади. Айниқса, нефть ва газ, тоғ-кон, тўқимачилик, озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, сайёҳлик соҳалари шерикликнинг истиқболли йўналишлари ҳисобланади.

Икки томонлама ҳамкорлик салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш мақсадида келгуси йили Ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг илк йиғилишини ҳамда “Made in Uzbekistan” саноат кўргазмасини ўтказиш таклифи билдирилди.

Қозоғистон асрлар давомида қалин дўст ва ён қўшнимиз, стратегик ҳамкор ва яқин иттифоқчимиздир. Сўнгги йилларда икки томонлама алоқаларнинг суръати юқори бўлиб келмоқда. Парламентлараро муносабатлар, ҳудудлар ўртасидаги ҳамкорлик изчил ривожланмоқда.

Устувор соҳаларда 3 миллиард 500 миллион долларлик инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда. Ўзаро савдо ҳажми ҳам муттасил ўсиб бораяпти. Бу кўрсаткич йил бошидан буён 20 фоизга ортиб, 4 миллиард долларга яқинлашгани ҳам мамлакатларимиз салоҳияти нақадар катта эканини кўрсатади.

Яқинда Қозоғистонда бўлиб ўтган Ўзбекистон маданияти кунлари ҳам икки қардош элни янада яқинлаштиришга хизмат қилди.

Декабрь ойи бошида Қозоғистон Президентининг Ўзбекистонга кутилаётган ташрифи давлатлараро муносабатларда янги даврни бошлаб беришига ишонч билдирилди.

Америка Қўшма Штатлари Ўзбекистоннинг глобал миқёсдаги энг муҳим ва ишончли ҳамкорларидан биридир. Бу йил давлатларимиз ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганининг ўттиз йиллиги ҳамда Стратегик шериклик тўғрисидаги декларация имзоланганининг йигирма йиллиги нишонланди.

АҚШ мамлакатимизнинг мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини, шунингдек, кенг кўламли ислоҳотларни доимий қўллаб-қувватлаб келмоқда.

Юртимизда Америка Қўшма Штатларининг "General Electric", "General Motors", "Hyatt", "John Deere", "Boeing", "Honeywell" каби етакчи компаниялари самарали фаолият юритмоқда.

Давлатимиз раҳбари ўзаро стратегик шерикликнинг янги шароитида Ўзбекистон савдо ва инвестициялар, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, энергетика, таълим, инновация, соғлиқни сақлаш каби соҳаларда ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор эканини таъкидлади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хорижий инвесторлар кенгашининг яқинда бўлиб ўтган биринчи йиғилишида Америка компаниялари вакиллари ҳам қатнашгани янги лойиҳаларга йўл очишига ишонч билдирилди.

Шунингдек, “С5+1” форматидаги кўп томонлама ҳамкорликни ҳамда Афғонистон бўйича мулоқотларни изчил давом эттириш минтақамизнинг умумий барқарорлигига хизмат қилиши таъкидланди.

Маросим якунида Ўзбекистон Президенти элчиларнинг масъулиятли ва шарафли фаолиятига катта муваффақиятлар тилади. Мамлакатимиз билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ҳали ишга солинмаган салоҳиятни рўёбга чиқариш, янги “ўсиш нуқталари”ни топиш борасида фаол ва ташаббускор бўлишга чақирди.

Элчилар самимий қабул ва самарали фаолиятига яратилган шароитлар учун миннатдорлик билдириб, икки томонлама алоқаларни янада ривожлантиришга бор билим ва куч-ғайратини йўналтиришини қайд этдилар.

Манба