Ўзбекистон театр санъати ходимларига

Қадрли дўстлар!

Маданият ва санъат соҳасининг фидойилари!

Аввало, сиз, азизларни, сизлар орқали миллионлаб санъат мухлисларини 27 март – Халқаро театр куни билан чин қалбимдан самимий муборакбод этиб, барчангизга ўзимнинг чуқур ҳурматим ва эзгу тилакларимни билдиришдан ғоят мамнунман.

Ҳаммамизга яхши маълумки, инсон ва жамият ҳаётида, халқнинг маънавий дунёсини, онгу тафаккурини юксалтиришда театр санъатининг ўрни ва аҳамияти беқиёсдир.

Буюк маърифатпарвар бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудий айтганларидек, театр ҳақиқатан ҳам ибратхона, қутлуғ тарбия ва маърифат масканидир.

Жаҳондаги энг оммавий ва таъсирчан санъат турларидан бири бўлган театр асрлар давомида одамларни инсонийлик ва эзгуликка чорлаб, уларнинг қалбида олижаноб фазилатлар, гўзал ҳис-туйғуларни камол топтиришга, жамият ҳаётида тинчлик, дўстлик ва ҳамжиҳатлик, юксак ахлоқ ва адолат тамойилларини мустаҳкамлашга хизмат қилиб келмоқда.

Дунёдаги 100 дан зиёд мамлакатда кенг нишонланаётган мана шу қувончли байрам кунида бир асрдан зиёд шонли тарихга, ижодий мактабларга эга бўлган ўзбек театр санъати ўзининг бой анъана ва қадриятларини сақлаб, замон билан ҳамнафас бўлиб, изчил ривожланиб келаётганини алоҳида таъкидлаш ўринлидир.

Ҳаёт йўлларида учраб турадиган турли муаммо ва қийинчиликларга қарамасдан, ўзининг севган касбига, қадрдон саҳнасига ҳамиша садоқат кўрсатиб, кўпмиллатли халқимизга сидқидилдан хизмат қилиб келаётган сиз, азизларнинг – устоз санъаткорлар, таниқли драматург ва режиссёрлар, созанда ва бастакорлар, ёш актёрлар, саҳна рассомлари ва техник ходимларнинг машаққатли ва фидокорона меҳнатингизни ҳар қанча олқишласак, сизларга чин қалбдан раҳмат айтсак, арзийди, албатта.

Биз сизларнинг тимсолингизда театр деган ноёб ва беқиёс маънавий бойликни асраб-авайлаб, ривожлантириб, келгуси авлодларга безавол етказиб келаётган олижаноб инсонларни кўрамиз.

Ўйлайманки, сўнгги йилларда барча соҳалар қатори маданият тизимида, жумладан, театрларимиз ҳаётида ҳам туб ўзгаришлар амалга оширилаётганидан барчангиз хабардорсиз.

Шу борада қабул қилинган қатор фармон ва қарорлар соҳани янада ривожлантириш, унинг моддий-техник базаси ва кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш, халқимиз, биринчи навбатда, ёшлар ўртасида театр санъатига бўлган қизиқиш ва эътиборни кучайтиришга қаратилгандир.

Куни кеча “Маънавият ва ижодни қўллаб-қувватлаш мақсадли жамғармасини ташкил этиш тўғрисида” ҳамда “Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” қабул қилинган Президент қарорларида ҳам ана шу масалаларга устувор аҳамият берилганини қайд этиш лозим.

Азим пойтахтимиз Тошкент шаҳрида, барча ҳудудларимизда янги-янги илм-фан ва маданият масканлари,  замонавий театр ва амфитеатрлар барпо этилмоқда, ижодий жамоалар билан йирик компания ва банклар иштирокида тузилган “дўстлар клублари” фаолият кўрсатмоқда.

Ушбу соҳага меҳр ва ҳавас қўйган ёшларимизнинг истеъдод ва қобилиятини рўёбга чиқариш учун ижодий танлов ва фестиваллар ўтказилмоқда, янги таълим даргоҳлари бунёд этилмоқда. Ҳудудларимизда маданият йўналишидаги олий ўқув юртларининг филиаллари очилмоқда, уларга қабул квоталари оширилмоқда, кам таъминланган оилаларга мансуб истеъдодли қизларимизга алоҳида имтиёзлар берилмоқда.

Бу ҳақда гапирганда, жумладан, Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институти, Марғилон шаҳар мусиқали мақом театри ташкил этилганини таъкидлаш лозим.

Ана шундай эзгу ишларимизнинг давоми сифатида ҳозирги вақтда пойтахтимизда Ўзбек Миллий академик драма театри учун энг юксак замонавий халқаро талабларга тўла жавоб берадиган янги муҳташам бино барпо этиш бўйича катта тайёргарлик ишлари бошлаб юборилганини сизларга маълум қилиш менга катта мамнуният бағишлайди.

Муҳтарам юртдошлар!

Ҳозирги кунда шиддатли замон, ҳаётнинг ўзи барчамизнинг олдимизга ўта муҳим ва мураккаб вазифаларни қўймоқда. Хусусан, эл-юртимизни турли хавф-хатарлардан асраш, униб-ўсиб келаётган ёш авлодимизни Ватанга муҳаббат ва садоқат, миллий ва умумбашарий қадриятларга эҳтиром руҳида баркамол инсонлар этиб тарбиялаш, жаҳолатга қарши маърифат билан кураш олиб бориш долзарб вазифага айланмоқда.

Биз бу йўлда барча ижодкор зиёлиларимиз қатори сиз, ҳурматли санъаткорларимизнинг истеъдод ва салоҳиятингиз, билим ва тажрибангиз, эзгу фазилатларингизга таянамиз.

Сизларнинг янги Ўзбекистонни – инсон эркин, озод ва фаровон яшайдиган жамиятни барпо этишда ташаббус ва жонбозлик кўрсатаётган юртдошларимизнинг бадиий етук образларини яратиш, уларнинг фидойилиги ва матонатини маҳорат билан тараннум этиш борасидаги ижодий меҳнатингиз ва изланишларингизни биз бундан буён ҳам кенг қўллаб-қувватлаймиз.

Барча маданият ходимлари каби театр санъати вакилларини ҳам ҳар томонлама рағбатлантириш, уларнинг меҳнат ва яшаш шароитларини яхшилаш давлатимиз ва жамиятимизнинг доимий эътибор марказида бўлади. 

Азиз ва муҳтарам дўстлар!

Сизларни бугунги қутлуғ айём – Халқаро театр куни билан яна бир бор самимий табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, куч-ғайрат ва илҳом ёр бўлишини тилайман.

Театрларимиз саҳналарида, ижодий жамоаларингизда мана шундай қувончли кунлар кўп бўлсин, хонадонларингиздан ҳеч қачон тинчлик-хотиржамлик, файзу барака, бахт ва омад аримасин!

Юксак ҳурмат ва эҳтиром билан,

Шавкат Мирзиёев,

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Манба