Ўзбекистон-Туркманистон стратегик шериклик муносабатлари бундан буён ҳам кенгайиб боради

Олий даражадаги музокаралар якунида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун брифинг ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов ва у орқали қардош туркман халқига самимий меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдирди.

Туркманистонда Сердар Бердимуҳамедовнинг раҳбарлигида изчил амалга оширилаётган ички ва ташқи сиёсат туфайли давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳаларида эришилаётган катта ютуқлардан Ўзбекистон чин дилдан хурсанд экани таъкидланди.

Ушбу янгиланишларнинг асосчиси Туркманистон Миллий Кенгаши Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов экани алоҳида қайд этилди.

Муштарак сиёсий ирода туфайли кейинги йилларда Ўзбекистон-Туркманистон муносабатларига мутлақо янги руҳ бағишлангани ва икки томонлама ҳамкорлик стратегик тус олгани таъкидланди.

Бугунги музокаралар якунида ҳам икки томонлама форматда, ҳам халқаро майдонда янада яқиндан ҳамкорлик қилишга қаратилган Стратегик шерикликни чуқурлаштириш тўғрисидаги декларация имзоланди.

- Туркманистон билан шерикликни янада мустаҳкамлаш – Ўзбекистон ташқи сиёсатининг ўзгармас устувор йўналиши, - деди давлатимиз раҳбари.

Бўлиб ўтган музокаралар давомида мамлакатларимиздаги улкан салоҳиятни қардош халқларимиз манфаатлари йўлида ишга солишнинг кенг имкониятларидан фойдаланиш ва самарали механизмларни жорий қилишга алоҳида эътибор қаратилгани таъкидланди.

Томонлар савдо-иқтисодий алоқаларни янада кенгайтиришни Ўзбекистон-Туркманистон шериклигининг асоси сифатида белгилаб олдилар.

Шунингдек, бугун замонавий инфратузилмага эга Чегараолди савдо зонаси қурилиши бошланади.

- Бу товар айирбошлашнинг ошиши, бизнес алоқаларининг кенгайиши, мамлакатларимиз ҳудудларида янги иш ўринлари яратилишига хизмат қилади, - деди Ўзбекистон Президенти.

Бундан ташқари, саноат, энергетика, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва логистика соҳаларида лойиҳаларни амалга ошириш орқали кооперация алоқаларини фаол ривожлантиришга келишиб олинди.

Сувдан фойдаланиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий тусдаги фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва оқибатларини бартараф этиш борасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишлари белгилаб олинди.

Марказий Осиёдаги трансчегаравий дарёларнинг сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш учун конструктив мулоқотни давом эттириш муҳимлиги қайд этилди.

Парламентлараро мулоқот ва халқ дипломатиясини янада кенгайтириш, ҳудудлараро алоқаларни ривожлантириш, маданий-гуманитар ҳамкорликни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилди.

- Маданий-гуманитар алоқалар қардош халқларимиз ўртасидаги кўп асрлик дўстликнинг тамал тоши, асоси бўлиб келган, - деди Шавкат Мирзиёев.

Бундан ташқари, Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг ўттиз йиллигини кенг нишонлаш мақсадида келгуси йилда икки томонлама Маданият ва кино кунлари, фестиваллар ва бошқа тадбирларни ўтказишга келишиб олинди.

Давлатларимизнинг халқаро ва минтақавий сиёсатнинг долзарб масалалари юзасидан позициялари муштарак экани қайд этилди.

БМТ, ЕХҲТ, МДҲ, ШҲТ, ТДТ, ОҚХФ ва бошқа кўп томонлама тузилмалар доирасидаги фаол ҳамкорлик давом эттирилади.

- Биз Марказий Осиё давлат раҳбарларининг Маслаҳат учрашуви доирасидаги минтақавий ҳамкорликни бундан буён ҳам мустаҳкамлашга келишиб олдик, - деди Ўзбекистон етакчиси.

Бундан ташқари, давлат раҳбарлари Афғонистонда вазиятни тез фурсатда барқарорлаштириш ва муҳим инфратузилма лойиҳаларини илгари суришга қаратилган саъй-ҳаракатларни кенгайтиришга аҳдлашиб олдилар.

Ўз баёнотининг якунида Шавкат Мирзиёев сермаҳсул музокараларнинг натижалари Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик ҳар томонлама мустаҳкамланишига хизмат қилишига ишонч билдирди.

Манба