Ўзбекистон ва Германия Президентлари кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилдилар

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 14 март куни Германия Федератив Республикаси Президенти Франк-Вальтер Штайнмайер билан телефон орқали мулоқот қилди.

Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги кўп қиррали муносабатларни янада мустаҳкамлаш ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Суҳбат аввалида давлат раҳбарлари икки мамлакат ўртасидаги дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги муносабати билан бир-бирини табриклаб, самимий истакларини билдирдилар.

Ушбу тарихий даврда икки томонлама алоқаларни ривожлантириш борасида биргаликда катта ишлар қилингани, ўзаро ишонч ва шериклик учун мустаҳкам пойдевор яратилгани катта мамнуният билан қайд этилди.

Етакчилар Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги амалий ҳамкорлик ҳолати ва истиқболларини ҳам муҳокама қилдилар, турли даражаларда мунтазам сиёсий мулоқот ва фаол алоқаларни давом эттириш муҳим эканини таъкидладилар.

Германиянинг етакчи компания ва банклари билан савдо, инвестициялар, юқори технологиялар, саноат, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда қўшма кооперация лойиҳаларини илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди.

Молиявий-техник кўмакни ҳамда маданий-гуманитар алмашинувларни, энг аввало, Ўзбекистонда немис тилини чуқурлаштирилган ўқитиш соҳасида кенгайтириш муҳимлиги қайд этилди.

Президентлар халқаро кун тартибининг долзарб масалалари, шу жумладан Украина атрофида юзага келаётган вазият юзасидан фикр алмашдилар. Вазиятнинг янада кескин тус олишига йўл қўймаслик ва можарони тез фурсатда тартибга солиш учун сиёсий-дипломатик саъй-ҳаракатларни давом эттириш зарурлиги таъкидланди.

Телефон мулоқоти ҳар доимгидек ишонч руҳида ва дўстона муҳитда ўтди.

Манба