Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 3 июнь куни Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев билан телефон орқали мулоқот қилди.
Икки томонлама ва минтақавий ҳамкорликнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Давлат раҳбарлари куни кеча Нур-Султон шаҳрида ўтган икки мамлакат Бош вазирлари учрашувининг самарали натижаларини юксак баҳоладилар.
Савдо ва логистика, саноат кооперацияси соҳаларида, замонавий транспорт коммуникациялари ва туризм инфратузилмасини ривожлантириш бўйича устувор лойиҳаларни илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, Президентлар парламентлараро алмашинув кенгайиб бораётгани ҳамда айни кунларда Тошкент шаҳрида Сенат раҳбарлари даражасидаги қўшма комиссиянинг биринчи йиғилиши ўтказилаётганини мамнуният билан қайд этдилар.
Етакчилар Марказий Осиёда дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш, шунингдек, Афғонистондаги вазиятни тинч йўл билан ҳал этиш масалалари юзасидан фикр алмашдилар.
Бундан ташқари, бўлажак олий даражадаги учрашувлар режаси кўриб чиқилди.