Ўзбекистон ва Тожикистон Президентларининг тор доирадаги музокаралари бўлиб ўтди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон тор доирада учрашув ўтказдилар.

Давлат раҳбарлари биродар халқларимиз ўртасидаги кўп асрлик дўстлик ва яхши қўшничилик ришталарига асосланган ўзаро манфаатли Ўзбекистон-Тожикистон ҳамкорлигини янада кенгайтириш масалаларини муҳокама қилдилар.

Музокараларда асосий эътибор икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлаш, сиёсий, парламентлараро, савдо-иқтисодий, транспорт-логистика, инвестициявий ва маданий-гуманитар ҳамкорликнинг кун тартибини тубдан кенгайтириш масалаларига қаратилди.

Кейинги олти йилда ҳамкорликнинг барча йўналишларда ютуқларга эришилди. Олий даражадаги музокаларда эришилган келишувлар муваффақиятли амалга оширилмоқда. Икки мамлакат ҳукуматлари, вазирлик ва идоралари, ҳудудлари ўртасида мунтазам алмашинувлар йўлга қўйилган.

Шавкат Мирзиёев ва Эмомали Раҳмон кўп қиррали Ўзбекистон-Тожикистон стратегик шериклигини янада ривожлантириш йўлидан қатъий боришларини тасдиқладилар.

Давлат раҳбарлари савдони фаол кенгайтириш ва саноат кооперациясини кучайтириш, икки мамлакатнинг логистика ва транзит имкониятларини ривожлантириш ҳамда сув энергетикаси лойиҳаларини амалга ошириш орқали муносабатларни янги амалий мазмун билан бойитишга тайёр эканликларини билдирдилар.

Минтақавий ва халқаро кун тартиби юзасидан фикр алмашилди, Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.

Кўп томонлама тузилмалар доирасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни давом эттиришга томонларнинг интилиши қатъий экани таъкидланди.

Манба