Ўзбекистон ва Тожикистон етакчилари икки томонлама ва минтақа кун тартибидаги долзарб масалаларни муҳокама қилдилар

23 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмоннинг телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди.

Давлат раҳбарлари Ўзбекистон-Тожикистон стратегик шериклик муносабатларини янада кенгайтириш ҳамда минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришнинг долзарб масалаларини муҳокама қилдилар.

Жорий йилнинг 10-11 июнь кунлари Тожикистонга амалга оширилган олий даражадаги ташриф якунлари бўйича эришилган келишувлар ва имзоланган битимларни амалга ошириш муҳимлиги қайд этилди. Савдо, саноат, энергетика, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва иқтисодиётнинг бошқа соҳаларида қўшма кооперация лойиҳаларини ва маданий-гуманитар алмашинув дастурларини қабул қилинган «йўл харита»ларига мувофиқ илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди.

Давлат раҳбарлари Марказий Осиёда қарор топаётган вазият юзасидан фикр алмашдилар ҳамда минтақада хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, яхши қўшничиликни мустаҳкамлаш учун яқин мулоқот ва саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштиришни давом эттириш зарурлигини таъкидладилар.

Шунингдек, бўлажак кўп томонлама, шу жумладан Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа халқаро тузилмалар доирасидаги тадбирлар жадвали кўриб чиқилди.

Манба