12 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди.
Суҳбат аввалида давлат раҳбарлари Рамазон ҳайити муносабати билан бир-бирларини самимий қутладилар. Ушбу муқаддас айёмнинг барча мусулмонлар учун алоҳида аҳамиятга эга эканини қайд этиб, биродар халқларимизга тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва равнақ тилакларини изҳор қилдилар.
Президентлар икки томонлама муносабатларнинг долзарб масалаларини батафсил муҳокама қилдилар. Коронавирус пандемияси билан боғлиқ мураккаб шароитда кўп қиррали ҳамкорлик изчил ривожланиб бораётгани таъкидланди.
Хусусан, турли даражаларда ўзаро алмашинув ва мулоқотлар фаоллашди. Жорий йил бошидан товар айирбошлаш 40 фоизга ортди, 164 та янги қўшма корхона ташкил этилди, ҳудудлар ўртасида ҳамкорлик йўлга қўйилмоқда. Самарқанд шаҳрида Туркия консуллиги ўз ишини бошлади. Қўшма маданий-гуманитар дастурлар, шу жумладан таълим, кинематография ва спорт соҳаларида амалга оширилмоқда.
Давлат раҳбарлари Стратегик ҳамкорлик кенгашининг иккинчи йиғилишини ўтказишга пухта тайёргарлик кўриш муҳим эканини қайд этдилар.
Шу мақсадда келгуси ойда Тошкент шаҳрида Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилиши ҳамда бизнес-форум ўтказилади.
Бундан ташқари, саноат, энергетика, қишлоқ хўжалиги, инфратузилма, транспорт, туризм, соғлиқни сақлаш ва бошқа соҳаларда қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга оширишнинг бориши кўриб чиқилди.
Телефон мулоқоти чоғида етакчилар халқаро сиёсат масалалари юзасидан фикр алмашдилар.
Президентлар Шарқий Қуддусдаги вазиятнинг кескин тус олиши муносабати билан чуқур хавотирда эканликларини билдирдилар. Фаластин-Исроил муаммоси халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгаши томонидан аввал қабул қилинган резолюциялар асосида тинч йўл билан ҳал этилиши лозимлиги қайд этилди.
Туркий кенгаш, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа тузилмалар доирасидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзбекистон ва Туркия Президентларининг мулоқоти ҳар доимгидек ўзаро ишонч руҳида, очиқ ва дўстона ўтди.
Олдингиси
Ўзбекистон Президент ива Япония Бош вазири ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилдилар
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 12 май куни Япония Бош вазири Ёсихидэ Суга билан телефон орқали мулоқот қилди.
12.05.2021Кейингиси
Ўзбекистон халқига Рамазон ҳайити табриги
Юртимиз мўмин-мусулмонлари ва бутун халқимизни ер юзидаги ислом уммати томонидан кенг нишонланаётган улуғ ва муборак айём – Рамазон ҳайити билан чин қалбимдан самимий табриклайман.
12.05.2021