Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 31 май куни аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш чора-тадбирлари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Дунёда озиқ-овқат билан боғлиқ чекловлар ва нархларнинг ўсиши кун сайин кучаймоқда. Жаҳон бозорларида буғдой нархи 50 фоизга, ўсимлик ёғи 33 фоизга, шакар 14 фоизга, нефть 47 фоизга ошди. Албатта, бу юртимиздаги нарх-навога ҳам таъсир кўрсатаяпти. Масалан, май ойида Қашқадарё ва Наманган вилоятларида картошка, ун, шакар қимматлашган.
Шу боис йиғилишда асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотларини кўпайтириш, жумладан, паррандачилик ва чорвачиликни қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама этилди.
Арзон, тўйимли ва тез етиштириладиган маҳсулотлар бу парранда гўшти ва тухумдир. Лекин, кўп вилоятларда парранда гўшти аҳоли талабига яраша етиштирилмаяпти. Бу йўналишдаги 50 дан зиёд йирик корхона ярим қувватда ишламоқда. Уларни озуқа, жумладан, буғдой билан таъминлашда қийинчиликлар мавжуд.
Бу масалани ҳал этиш учун аниқ чора-тадбирлар белгиланди. Хусусан, 1 июндан бошлаб паррандачилик хўжаликларига буғдой сотиб олиш учун 400 миллиард сўм “револьвер” кредит ажратилади. Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси орқали кредит гаровининг 50 фоизига кафиллик берилади ва 17 фоизидан ошган қисми компенсация қилинади. Шунингдек, паррандачилик хўжаликларига айланма маблағ учун бериладиган кредит муддатини узайтириш таклифи билдирилди.
Парранда маҳсулотлари бозорини таҳлил қилиш ва лойиҳаларни тўғри жойлаштириш, ишлаб чиқаришдан сотишгача бўлган барча жараёнларни рақамлаштириш бўйича топшириқлар берилди.
Хонаки товуқларни кооперация асосида боқиш ҳам яхши самара беради. Мисол учун, Нуробод туманида тадбиркорлар инкубатор тарқатиб, аҳоли билан бирга, парранда гўшти ва тухум етиштиришни йўлга қўйган эди. Бугунги кунда бу маҳсулотлар тумандан ортиб, Самарқанд шаҳри ва қўшни туманларга ҳам етказиб берилмоқда.
Йиғилишда ушбу тажрибани кенгайтириб, паррандачилик хўжаликларини муайян маҳаллаларга бириктириш, аҳолига паррандачилик бўйича ўқувлар ташкил этиш зарурлиги таъкидланди. Бундай хўжаликларга ҳар бир маҳалла учун оилавий тадбиркорлик дастурлари асосида 200 миллион сўмдан имтиёзли кредитлар ажратилади. Улар бу маблағ ҳисобидан аҳолини жўжалар ва озуқа билан таъминлайди.
Чорвачилик – аҳоли тўқлиги ва нарх-наво барқарорлигида муҳим соҳа. Энг кўп турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари шу тармоқда етиштирилади.
Жорий йил 8 февралда “Чорвачиликни янада ривожлантириш ва чорва озуқа базасини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида” Президент қарори қабул қилинган эди. Унга мувофиқ, чорвачилик хўжаликларига гўштнинг ҳар бир килограмми учун тўланадиган субсидия 2 минг сўмдан 4 минг сўмга, сутнинг ҳар бир литри учун 200 сўмдан 400 сўмга оширилди. Хориждан олиб келинадиган қишлоқ хўжалиги техникаси барча тўловлардан озод этилди. Соҳага 170 миллион доллар имтиёзли кредит линиялари очилди. 200 минг гектардан зиёд пахта ва ғалла майдонларига озуқабоп экинларни алмашлаб экиш белгиланди.
Йиғилишда шу борада амалга оширилаётган ишлар ҳудудлар кесимида кўриб чиқилди. Хусусан, соҳадаги имкониятлардан фойдаланиб, Андижон, Бухоро, Фарғона ва Хоразм вилоятларида пахта-тўқимачилик кластерлари томонидан 18 минг бош молга мўлжалланган 35 та чорвачилик хўжалиги ташкил қилинди. Лекин, Сурхондарё, Самарқанд, Сирдарё, Қашқадарё, Наманган, Жиззах ва Тошкент вилоятларида 70 та комплексни ишга тушириш кечикаётгани қайд этилди. Аҳоли хонадонларида кооперация усулида гўшт ва сут етиштириш ҳам тизимли йўлга қўйилмаган.
Бундан ташқари, пахта ва ғалланинг ўрнига алмашлаб озуқа экиладиган 200 минг гектар майдон бўйича ҳам ишлар ҳалигача аниқ режалаштирилмаган.
Шу боис Бош вазир ўринбосарига алмашлаб экишни ҳар бир туман кесимида аниқ тасдиқлаб, ташкил этиш, фермерларни серҳосил озуқа уруғлари билан таъминлаш вазифаси қўйилди. Шу билан бирга, чорва хўжаликлари ва аҳоли хонадонларига ветеринария хизмати кўрсатиш кўламини кенгайтириш муҳимлиги алоҳида кўрсатиб ўтилди.
Аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш мақсадида қўллаб-қувватлаш чоралари белгиланди. Хусусан, гўшт, балиқ, сут маҳсулотлари, мева, ўсимлик ёғи каби 22 турдаги озиқ-овқат жорий йил 1 майгача божхона божларидан озод қилинган эди. Энди бу муддат 2023 йил 1 январга қадар узайтирилди. Шунингдек, озиқ-овқатни импорт қилишда божларни оширилган ставкада қўллаш тўхтатиб турилади. Давлат харидларида озиқ-овқат маҳсулотларини импорт қилиш бўйича чекловлар вақтинча бекор қилинади.
Монополияга қарши курашиш қўмитасига бозорда рақобатни таъминлаш ва нархлар асоссиз ошишига йўл қўймаслик бўйича кўрсатмалар берилди.
Йиғилишда вилоят ва туман ҳокимлари, озиқ-овқат тармоқлари раҳбарлари ахборот берди.
Кейингиси
Тожикистон Республикаси Президенти расмий ташриф билан Ўзбекистон Республикасига келади
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон жорий йил 2-3 июнь кунлари расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлади.
31.05.2022