Қадрли қурувчи бунёдкорлар!
Аввало, сиз, азизларни қутлуғ касб байрамингиз билан чин қалбимдан табриклаб, барчангизга самимий ҳурматим ва эзгу тилакларимни изҳор этаман.
Эл-юртимиз сизлар каби минг-минглаб моҳир қурувчи ва муҳандислар, уста ва меъморларни, лойиҳачи ва пудратчи ташкилотлар вакилларини Янги Ўзбекистон равнақига муносиб ҳисса қўшаётган фидойи инсонлар деб билади.
Сизларнинг олижаноб меҳнатингиз билан барпо этилаётган янги-янги турар-жойлар, ишлаб чиқариш объектлари, йўл ва коммуникация тармоқлари, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт масканлари мамлакатимиз қиёфасини тубдан ўзгартириб, ҳаётимизнинг янада обод ва фаровон, файзли бўлишига хизмат қилмоқда. Дарҳақиқат, халқ манфаатини ўйлаб мустаҳкам ва кўркам иморатлар қуриш, равон йўл ва кўприклар бунёд этиш дунёдаги энг савобли ва хайрли ишлардан биридир.
Бугунги қувончли айёмда мана шундай эзгу фаолиятингиз учун сизларга ҳар қанча ташаккур айтсак, арзийди, албатта.
Азиз юртдошлар!
Ҳозирги кунда мамлакатимиз том маънода улкан қурилиш майдонига айланганига барчамиз гувоҳмиз. Бошқа жабҳалар қаторида қурилиш тармоғи ҳам жадал ривожланмоқда, соҳага янги технология ва инновациялар, энг замонавий меъморий ечимлар фаол кириб келмоқда.
Ўтган етти йил давомида юртимизда қурилиш ишлари ҳажми бир неча баробар ортиб, 2016 йилдаги 30 триллион сўм ўрнига 2022 йилда 131 триллион сўмга, жорий йилнинг биринчи ярмида эса 68 триллион сўмга етгани мамлакатимиз бунёдкорлари қисқа даврда қандай катта йўлни босиб ўтганидан далолат беради.
Бу ҳақда сўз юритганда, сўнгги йилларда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида 1 минг 500 дан ортиқ қишлоқ ва маҳаллаларда йўл ва транспорт инфратузилмаси, муҳандислик-коммуникация тармоқлари, ижтимоий соҳа объектларида улкан қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилганини таъкидлаш лозим.
Аҳолимизнинг талаб ва эҳтиёжларидан келиб чиқиб, ушбу йўналишдаги ишларимиз изчил давом эттирилмоқда. Шу йилнинг ўзида “Янги Ўзбекистон” массивлари ва уй-жойга талаб юқори бўлган ҳудудларда 90 минг квартирага эга уй-жойлар барпо этилаётгани ҳам бу фикрни тасдиқлайди.
Бугунги кунда мамлакатимиз қурилиш соҳасида ҳам янги давр бошланди, десак, тўғри бўлади. Аввало, соҳанинг ҳуқуқий ва моддий-техник базаси мустаҳкамланиб, республикамизнинг барча ҳудудларида илғор технология ва ёндашувлар асосида фаолият юритадиган янги-янги қурилиш ташкилотлари пайдо бўлаётгани, қурилиш материаллари индустрияси юқори суръатлар билан ривожланаётгани, малакали етук кадрлар тайёрлаш тизими йўлга қўйилгани шундай деб айтишга асос беради.
Ҳурматли дўстлар!
Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси олдимизга қўяётган муҳим ва долзарб вазифалардан келиб чиққан ҳолда, сизлар билан биргаликда соҳада ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, бош режа ва шаҳарсозлик ҳужжатлари лойиҳаларини янгича мезонлар асосида яратиш учун катта ҳаракатларни бошладик. Жумладан, урбанизация бўйича давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш ҳамда 2023–2027 йилларда аҳоли пунктларининг шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш дастурлари шакллантирилмоқда.
Қурилиш соҳасида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш орқали қурилиш жараёнларининг барча босқичларида жамоатчилик назоратини кучайтириш, сифат ва самарадорликни ошириш, заҳматкаш қурувчиларнинг меҳнат ва турмуш шароитларини яхшилаш, уларни ҳар томонлама рағбатлантириш масалалари бундан буён ҳам доимий эътиборимиз марказида бўлиб қолади.
Ҳурматли байрам иштирокчилари!
Сиз, азизларни, мамлакатимиз қурилиш соҳасини тараққий эттиришга муносиб ҳисса қўшиб келаётган барча юртдошларимизни бугунги касб байрамингиз билан яна бир бор чин юракдан муборакбод этаман.
Сизларга мустаҳкам соғлик, шарафли ва масъулиятли фаолиятингизда янги-янги ютуқлар, оилавий бахт, хонадонларингизга тинчлик, файзу барака тилайман.
Жонажон Ўзбекистонимиз, шаҳар ва қишлоқларимизнинг ободлиги, халқимиз фаровонлиги йўлида қилаётган меҳнатларингизнинг роҳатини кўринг!
Қўлингиз асло дард кўрмасин, азиз дўстлар!
Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Олдингиси
Озиқ-овқат ва энергия таъминотидаги долзарб вазифалар белгиланди
Бухоро шаҳрида 11 август куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида озиқ-овқат маҳсулотларини кўпайтириш орқали нарх-наво барқарорлигини сақлаш ҳамда аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларини энергия ресурслари билан кафолатли таъминлаш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
11.08.2023Кейингиси
Транспорт, энергетика ва саноат лойиҳалари тақдимот қилинди
Президент Шавкат Мирзиёев 16 август куни транспорт, энергетика ва саноат соҳаларидаги лойиҳалар тақдимоти билан танишди.
16.08.2023